Ашраф Али Таҳонавий “Хутубот” асарида қуйидагиларни келтирган: «Қобул подшоҳи Дўстмуҳаммадхон салтанатига қарши бир гуруҳ кишилар бош кўтаришди. Подшоҳ уларни бостириш учун ўғли шаҳзода Акбархон бошчилигида қўшин юборди. Бир неча кундан сўнг, шаҳзода мағлубиятга учраб, жанг майдонини ташлаб кетди, деган хабар тарқалди. Подшоҳ саросимага тушиб, хотинининг олдига кирди ва келган хабарни айтиб берди. Аёл: “Бундай бўлиши мумкин эмас”, деб эътироз билдирди. Подшоҳ: “Жанг майдонидан келган элчининг хабари хато бўлиши мумкинми?!” деди. Аёл эса ўз фикрида қатъий туриб олди.

Эртаси куни атрофга: “Шаҳзода ғалаба қозониб, уйга қайтяпти”, деган хабар ёйилди. Хушхабарни эшитган подшоҳ суюниб, тўғри хотинининг ҳузурига борди. Аёлига ўғли ҳақида қатъият билан айтган сўзларини эслатиб, бундай дейишга қандай асосинг бор эди, деб сўради. Аёл: “Бу мен билан Аллоҳ таоло ўртасидаги сир”, деб жавоб берди. Дўстмуҳаммадхон хотинидан сирни ошкор этишини талаб қилди. Мўътабар она бундай деди: “Мен доим ҳалол луқма ейишга ҳаракат қилганман. Шаҳзодага ҳомиладор бўлганимда ҳам, уни дунёга келтирганимдан сўнг ҳам ҳаргиз ҳаром луқма емаганман. Шунингдек, боламни таҳоратсиз эмизмаганман. Шуни аниқ айтаман, ҳалол луқма еб ўсган боланинг табиати ва хулқи гўзал бўлади. Мен шаҳзоданинг Ватан ҳимоясида мардларча ҳалок бўлиши ёки ғалаба қозонишига ишонардим. Лекин асло майдонни ташлаб, номарднинг ишини қилишига эмас. Зеро, бу қўрқоқлик ва хунук иш фақат ёмон тарбия кўриб, луқмасига ҳаром аралашганлар қисматидир”».

«Хадичаи Кубро» аёл-қизлар Ислом ўрта-махсус  билим юрти мударрисаси Муҳаррам ҚУТБИДДИНОВА тайёрлади.