Умавий халифаларнинг саккизинчиси Умар ибн Абдулазиз (раҳматуллоҳи алайҳ) Иёз ибн Муовияни (раҳматуллоҳи алайҳ) Басрага қози этиб тайинламоқчи бўлди. У киши истамади, халифа эса сўзида қаттиқ туриб олди. Охири Иёз ибн Муовия қози бўлди.

Кунлардан бир кун унинг ҳузурига икки киши келди. Бири: “Бу кишига омонат берган эдим. Энди қайтаришини сўрасам, тан олмаяпти”, деди. Иккинчиси эса: “Агар даъвогарнинг ҳужжати бўлса, олиб келсин. Бўлмаса, олмаганимга Аллоҳ номи билан қасам ичаман”, деб айтди.

Қози ўйланиб қолди. Айбланувчига қасам ич, деса, у ёлғондан қасам ичиб, даъвогарнинг мулкини еб кетишдан қўрқадиган кимсага ўхшамайди. Шунда қози тадбир ишлатди, даъвогарга қараб:

– Бу кишига омонатни қаерда берган эдинг? – деб сўради.

– Фалон ерда.

 – У ерда бирор нарса бормиди?

– Катта дарахт бор эди. Соясида ўтириб, бирга овқатланганмиз. Қайтиш олдидан унга омонатни бергандим.

– Сен ҳозир ўша дарахтнинг ёнига бор. Дарахт ўша нарсангни қаерга қўйганингни ва нима қилганингни ёдингга солса, ажабмас. Кейин ёнимга қайтиб келиб, менга айтасан.

Даъвогар шошиб чиқиб кетди. Қози айбланувчига: “Шеригинг келгунича шу ерда ўтир”, деди-да, ҳузурига келганларнинг ишларини кўриб чиқа бошлади. Орадан бирмунча вақт ўтгач, қози дабдурустдан: “Нима дейсан, шеригинг ўша жойга етиб бордимикан?” деб сўраб қолди. Айбланувчи ўйламай-нетмай: “Йўғ-э, нима деяпсиз, у ер бу жойдан анча узоқ”, деб юборди. Ўзининг бу сўзидан кейин хиёнатига иқрор бўлишдан бошқа чораси қолмади. Иёз ибн Муовия шериги келгунича уни қамаб қўйди. Даъвогар келгач, унинг омонатини қайтариб беришни буюрди.

Баҳодир БАҲРОМЖОН ўғли