Имом Аҳмад ибн Ҳанбалга шогирдларидан бири кечаси туриб бомдод намозигача Қуръон хатм қилишининг хабари етди. Ҳазрат эртаси куни унга айтди:

– Тунги ибодатинг ҳақида эшитдим. Бу хусусда сенга бир тавсиям бор – бу кеча ҳам ҳар сафаргидек ибодатингни бажар, фақат Қуръонни худди менга ўқиб бераётгандек тиловат қил. Кейин нима бўлганини айтасан.

Эртасига шогирд келди ва ўн порадан ортиқ ўқиёлмаганини айтди. Имом деди:

– Энди боргин-да, бу тун Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қуръон ўқиб беряпман, деб тасаввур қил...

 

Кейинги кун шогирд: “Бир порагина ўқий олдим, холос”, деди. Бу сафар ҳазрат бундай тавсия берди:

– Олдиндаги кечада Қуръонни Аллоҳ таоло ҳузурида тиловат қиляпман, дея ўқи.

Эртасига шогирд устознинг олдига кўзлари йиғидан қизариб кетган ҳолда келди ва деди:

– Тун бўйи Фотиҳа сурасининг “Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз” оятидан у ёғига ўтолмадим...

Аллоҳ таоло барчамизга Ўзини кўриб тургандек ибодат қилиш бахтини насиб этсин!

 

Шаҳло БИЛОЛИДДИН қизи тайёрлади.