Ёш ва ўрта ёшли икки аёл гуноҳларига тавба қилиш йўлини сўраб кекса донишманднинг ёнига боришибди. Ёш аёл ўз гуноҳларидан унчалик қўрқмас экан, чунки уларнинг ҳеч бирини катта демас экан-да. Ўрта ёшли аёл қалбини эски бир гуноҳи оғир тошдек босиб тураркан, йўл бўйи ташвишланиб борибди. Аёллар ўз ҳолини айтибди. Донишманд уларни диққат билан эшитгач, дебди:

– Менга даладан тош олиб келинглар. Сен, – дебди донишманд ўрта ёшли аёлга қараб, – каттароғидан. – Сен эса, – ёшроғига тайинлабди донишманд, – бир этак майда тош олиб келишингга тўғри келади.

Иккала аёл ҳам тезда айтилганидек тошлар билан қайтишибди.

– Яхши, – дебди донишманд, – энди эса тош­ларни қаердан олган бўлсангиз ўша жойга қайтаринг.

Ўрта ёшли аёл дарҳол унинг айтганини бажариш тараддудига тушибди. Ёш аёл эса ўйланиб қолибди, донишмандга дебди: "Мен нима қилай? Ахир шунча майда тошни қаердан олганимни эслай олмайман-ку!"

– Сенинг кичик санаган гуноҳларинг худди шундай, – дебди донишманд. – Ҳамроҳинг ўз гуноҳини унутмай, доимо афсусланиб юради, тавба қилади, сен эса уларни ҳатто эслай олмайсан.

Нигора МИРЗАЕВА тайёрлади.