Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Каъбаи муаззамани тавоф қилаётиб, бир саҳройи кишининг “Ё Карим!” деганини эшитдилар ва унинг сўзини такрорладилар.

Саҳройи киши Мезоб томонга ўтиб яна: “Ё Карим!” – деган эди, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам “Ё Карим!” – дедилар.

Шунда саҳройи киши у зотга қараб:

– Эй гўзал юз, кўркам қомат соҳиби! Мени масхара қилмоқчимисан? Аллоҳга қасам, бир мўмин банда бўлмаганингда эди, сен тўғрингда Муҳаммадга (алайҳиссалом) шикоят қилардим.

У зот табассум қилдилар ва:

– Пайғамбарингни танийсанми? – дедилар. Саҳройи киши:

– Йўқ, – деб жавоб берди.

– Унда қандай қилиб имон келтиргансан?

– Уни кўрмаган бўлсам-да, пайғамбарлигига имон келтирдим ва етказганларини тасдиқладим.

Шунда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзларини таништирдилар.

Саҳройи киши ҳаяжонини яширолмади. Хижолат чекиб, Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак қўлларини ўпмоқчи бўлди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

– Шошма, эй мўмин банда, ажамлар ўз подшоҳларига шундай муомала қилишади. Мутакаббирлик менга хос эмас. Аллоҳ мени башорат бергувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборган, – дедилар.

Шунда Жаброил (алайҳиссалом) хабар келтирди:

– Эй Муҳаммад (алайҳиссалом)! Аллоҳ Сизга салом айтди. Саҳройи кишига айтинг: “Биз Ҳалим ва карамли эканимиз билан бирга амалларини, агар хурмонинг пўстлоғича бўлса ҳам, ҳисоб-китоб қиламиз!” – деди.

– Эй Аллоҳнинг расули, мен ҳам ҳисоб-китоб қилинаманми?! – деб сўради саҳройи киши.

– Ҳа, агар хоҳласа, ҳисоб-китоб қилади.

– Ўзининг иззати ва улуғлигига қасам, агар мендан ҳисоб сўраса, мен ҳам сўрайман, – деди у.

– Раббингдан нимани сўрайсан? – дедилар Пайғамбаримиз (алайҳиссалом).

– Агар Раббим менинг гуноҳимдан сўраса, мен Унинг мағфиратини сўрайман. Агар осийлигимдан сўраса, мен Унинг афвини сўрайман. Агар менинг бахиллигимдан сўраса, мен Унинг саховатини сўрайман! – деди саҳройи киши.

Шунда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) йиғлай бошладилар, ҳатто соқоллари ҳўл бўлиб кетди.

Шу онда Жаброил (алайҳиссалом) хабар келтирди:

– Эй Муҳаммад (алайҳиссалом)! Аллоҳ Сизга салом айтди. Йиғини тўхтатинг! Аршга муаккил фаришталар тасбеҳ айтиб чалғиб кетишмоқда. Саҳройи кишига айтинг: у Биздан сўрамасин, Биз уни ҳисоб қилмаймиз! У сизнинг жаннатдаги рафиқингиз бўлгай!

 

Шайх Аҳмад Муҳаммад Ашшофнинг “Қабасотун мин ҳаётир Расул” китобидан Шаҳобиддин ПАРПИЕВ таржимаси