Муҳаммад ибн Исҳоқдан (раҳматуллоҳи алайҳ) нақл қилинади: “Иброҳим ибн Адҳамга хизмат қилганлардан бири Иброҳим ибн Башшордан эшитдим:

Мен Иброҳим ибн Адҳамдан илк таълимлари ҳақида сўраганимда, у зот шундай ҳикоя қилган:

“Отам балхлик эди. Хуросонга подшоҳ бўлди. Биз ов қилишни жуда яхши кўрардик. Бир сафар чопқиримда тозию бўрибосарларни олиб овга чиқдим. Далада бир қуённи кўрдим. Унга етиб олиш учун чопқиримни қистаган эдим, ортимдан гўё: “Сен бундай қилишинг керакмасди, ким сенга буйруқ берди”, деган овоз эшитилаётгандай бўлди. Тўхтаб, ўнгу сўлимга қарадим. Ҳеч ким кўринмади. “Аллоҳ иблисни лаънатласин”, дея чопқиримга қамчи босдим. Шу пайт олдингидан кўра жаранглироқ: “Сен бундай қилиш учун яратилганинг йўқ! Ким бундай қилишга буйруқ берди”, деган овоз эшитилгандай бўлди. Тўхтаб ён атрофга қарадим. Яна ҳеч ким кўринмади. “Аллоҳ иблисни лаънатласин”, дея учқуримни тезладим. Бир пайт шундоқ ёнгинамдан:

“Эй Иброҳим! Сенга ким бу ишни буюрди?!” деган очиқ нидони эшитгандай бўлдим.

“Огоҳлантирдинг, огоҳ бўлдим, огоҳман, эй оламларнинг Раббиси!” дея жавоб қайтардим.

Ўша кундан бошлаб тавба қилдим ва хато ишларни қилишдан ўзимни тийдим. Уйимга бордим, сўнг отамнинг чўпонларидан бирининг олдига бориб, ундан бир тўн ва кийим-бош олдим. Ўзимнинг ялтир-юлтир либосларимни унга бердим ва сафар қилдим. Кўплаб шаҳарларга бордим, кўп нарсаларни кўрдим.

Охири Туртус шаҳрига бордим. У ернинг хушҳаво жойларида боғбонлик қилиб, меваларнинг ҳосилини йиғардим. Боғ эгаси бир куни мени ҳузурига чорлади. Энг катта ва энг тотли анор келтиришни буюрди. Улар айтганидек, катта анорни топиб келган эдим, хўжайин уни ёриб кўрди. Мазаси яхши чиқмади. Шунда у мени: “Боғда шунча вақтдан бери меваю анорларни еб юрибсан-у, чучугини аччиғидан ажрата олмайсанми?” деб койиди.

Айтинг-чи, муштарий, Иброҳим ибн Адҳам қандай жавоб берди?

 

Тошкент шаҳридаги “Холид ибн Валид” жоме масжиди имом-хатиби Дониёр ДАДАШЕВ тайёрлади.

 


Ҳурматли муштарийлар, газетамизнинг 17-сонида берилган жумбоқли ҳикоятга сиз азизлардан жуда кўп жавоб мактублари келди. Айрим мухлислар таҳририятга қўнғироқ қилиб ўз жавобларини айтишмоқда. Газетамизга эътиборингиз учун ташаккур.

“Мен қўзини ўзим учун эмас, Неъматуллоҳ исмли бир муборак зотга инъом этмоқ учун парвариш қилаётган эдим”, деган тўғри жавобни мухлисамиз Гулбаҳор Ҳошимова йўллаган. Ғолибамиз совринларини таҳририятдан олиб кетиши мумкин.