Булутчани шамол узоқларга олиб кетди. У борган минтақада иқлим кескин ўзгарди. Қуёш заррин нурларини сочар, ерда бепоён чўл ястаниб ётарди. Шамол булутчани янаям узоққа олиб боришга қарор қилди. Ахир саҳрода ёмғир ёғмайди-ку! Ёш қизиқувчан булутча бепоён чўлнинг заррин қумларини томоша қилиш учун пастлай бошлади. Шу тарзда узоқ саёҳат қилган булутча бир маҳал ўзига қараб турган қумтепани кўриб қолди. Бу қумтепа яқиндагина бўлиб ўтган кучли шамолда ҳосил бўлган эди.

– Хайрли кун! – саломлашибди булутча. – Пастда ҳаёт қандай?

– Қуёш ва шамол тиғида бошқа қумтепаликлар билан бирга яшаяпман! Гоҳида бу ердан карвонлар ўтади. Баъзида қўрғошинниям эритиб юборадиган қаттиқ иссиқ бўлади. Чидаяпмиз. Ўзингдан гапир, юқорида ҳаёт яхшими?

– Бу ерда ҳам қуёш ва шамол, ҳар ернинг ўз шароити бор. Бироқ мен осмонда сайр қилишим, узоқ-узоқларга боришим ва кўп нарсаларни кўришим мумкин.

– Менинг ҳаётим эса жуда қисқа, – деди қумтепа, – шамол ортга қайтса, мен йўқ бўламан.

– Шундан хафамисан? – сўради булутча.

– Демак, мен ҳеч нарсага ярамас эканман-да...

– Менда ҳам шунақа ҳис бор. Шамол пайдо бўлса, мени узоқларга олиб кетади. У ерда ёмғир бўлиб ёғаман, йўқ бўламан. Қисматим шундай!

– Биласанми, – деди қумтепа, – бизда, саҳрода ҳамма ёмғирни мисоли жаннат дейди.

– Мен ҳеч қачон бошқалар учун шунчалар суюклиман деб ўйламагандим, – деди булутча бир оз ғурур билан.

– Айтишларича, ёмғирдан кейин тепаликлар ўт-ўланлар ва гулларга бурканаркан. Лекин мен буни ўз кўзим билан кўрмаганман.

Булут бир оз ўйланибди ва табассум қилибди:

– Хоҳласанг, сени ёмғирга бўктираман! Балки ишонмассан, сенга меҳрим тушиб қолди. Яхшиси, бир умрга шу ерда қоламан...

– Осмонда кўринишинг билан мен ҳам сени ёқтириб қолгандим, – иқрор бўлди қумпета. – Бироқ... агар ёмғир бўлиб ёғсанг, нобуд бўласан...

– Аммо ўртамиздаги меҳр ҳеч қачон ўлмайди, – деди булутча.

Шундан кейин булутча майин ёмғир бўлиб томчилай бошлади, қумтепа устида етти рангли камалак жилоланди. Эртасига тепалик гулларга бурканди. Саҳрога келган бошқа булутлар яшил тепаликни кўргач, биз қидираётган ўрмон бошланди, деб ўйлаб ёмғир бўлиб қуйилди.

Йиллар ўтиб, кичкинагина қумтепа йўловчиларга ором берадиган ажойиб адирликка айланди.

 

Нигора МИРЗАЕВА тайёрлади.