Пойлоқчилик

Ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари. Эркимиз бировларнинг қўлида. “Дин афюндир”, деб жар солиниб, диндорлар қатағонга учраган, 4000 дан ортиқ бебаҳо ёдгорлигимиз колхозларнинг ўғит омборхонасига айлантирилган. Ўшанда мен 8–9 ёшли бола эдим.

Қишлоғимизда тўрт-беш нафар имон-эътиқоди бут, мустабид даврларда ҳам тоат-ибодатини канда қилмаган Зубайдулло хўжа ўғли Мамарасул қори, мулла Сирожиддин бобо, мулла Муҳаммади Охун бобо, мулла Эргаш бобо, мулла Муродилло бобо каби кексалар бор эди. Улар ҳар Рамазон ойи келса, таровеҳ намозини қўрқиб-пусиб, биронта намозхоннинг меҳмонхонасида ўқишарди. Қишлоғимизда айғоқчи бўлган чоғи, намоз ўқилган куннинг эртаси “махсус идоралар” хабар топиб, уларнинг бошини қотирар, сарсон-саргардон қилар эди.

Бир куни бизнинг меҳмонхонамизда таровеҳ намозига тўпланишди.

“Дарвозани ҳеч кимга очмагин. Биров тақиллатса ҳам, очма, секин мени чақир”, деб огоҳлантирган бўлдилар, бобом. Мен ҳузур ила соқчилик навбатига турдим. Устимда бобомнинг эски чопони, остимда увадаси чиқиб кетган кўрпача. Изғиринли тун. Ичкарида боболар намоз ўқишмоқда. Совуқдан жунжикиб, кўзим илинибди. Тўсатдан дарвозамиз қаттиқ тақиллаб қолди. Чўчиб уйғониб кетдим. Хаёлимда ҳозир мелиса бобомни қўлларига кишан солиб олиб кетадигандек туюлди. Оёқ учида бориб, намоз ўқиётган бобомнинг қулоғига: “Кимдир дарвозани қаттиқ тақиллатяпти”, дедим. Бобом дарҳол шерикларининг қулоғига шипшидилар. Намоз тугадими-йўқми – билмадим, улар тезда жойнамозларини йиғиб, битта-битта бўлиб орқа дарчадан чиқиб кетишди.

Бобом йўталиб-йўталиб ташқарига чиққан киши бўлиб, бошларига чопонларини ёпиниб “Ким?” деб икки-уч марта сўрадилар. “Мен Йўлдошман”, деди ташқаридаги овоз. Набиралари экан. “Ҳа, нима гап?” деб дарвозани очдилар. “Зарурат туғилиб қолди, молимни сотиб берасизми, деб келган эдим”, деди Йўлдош акам дарвозадан ичкарига киргач. “Бемаҳалда келиб одамни ташвишга туширгандан кўра, эртароқ келсанг бўлмайдими?!” деб койиб бердилар бобом.

...Мулла Муҳаммад Охун бобом ҳаж сафарини орзу қилиб, юракларида катта армон билан бу дунёдан ўтиб кетдилар. У киши етолмаган орзуга мен етиб, ҳаж сафарини адо этдим. Бобом армонини эслаб, йиғлаб-йиғлаб, Каъбани қучдим. Бобом учун, меҳрибон онам, отажоним учун қучдим...

 

Баҳром ака

Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари компартия динимизга қарши курашини авжига чиқарди. Миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз йўқ бўлар ҳолга келиб қолди. Ўрнини “совет маданияти”, “совет халқи” эгаллаётган эди.

Оддий ҳайдовчи, камтарин инсон Баҳром Носировнинг шаҳар фирқа қўмитаси бюросида шахсий иши кўриляпти. Бошқа миллатга мансуб партия комиссияси раиси мендан партия аъзоси Баҳром Носиров билан “тарбиявий соат” ўтказиб, “коммунистик партия” руҳида тарбиялаб қўйишимни сўради.

Баҳром ака автокорхонада автобус ҳайдовчиси, имон-эътиқоди бут, дунёвий-исломий билимлардан хабардор, худосиз тузумга қарамай тоат-ибодатини канда қилмай юрган инсон экан. Суҳбат чоғи мен Баҳром акани эмас, Баҳром ака мени тарбиялаб қўйди, десам бўлади.

Бюрода мана бундай тергов бўлиб ўтди:

– Ўртоқ Носиров, сиз коммунист бўлатуриб, нега қабристонга бордингиз? Мачитга кириб намоз ўқидингиз?

– Мен ота-онам қабрини зиёрат қилгани борган эдим...

– Партия аъзоси диндорларга қарши курашадиган атеист бўлиши керак эмасми? Чўнтагингизда партия билети бўлатуриб қабристонга бориб юрганингизни қандай тушунса бўлади? Яна ҳайит кунларида!

Шунда Баҳром акада қандайдир “портлаш” содир бўлди:

– Партия аъзоси ота-онаси қабрини зиёрат қилмасин, деган жойи борми партия уставида?! “Доҳий”ларнинг қайси китобида шундай дейилибди? “Коммунистик партия манифести”да борми ё?!

Бюрода қатнашаётган 20–30 киши гунг бўлиб қолди. Ҳамма бюрони бошқараётган иккинчи котибга қаради. Иккинчи котиб эса, автобаза директори Муҳаммаджон Саидовга (Аллоҳ раҳмат қилсин) ва партия қўмитаси котибига ўшқириб кетди:

– Кимларни ишлатяпсиз? Ташкилотингизда коммунистик тарбия ва партия ўқуви ёмон йўлга қўйилган, сиёсий ўқишлар ўтказилмайди! Ташкилотингиз ходимлари диндор бўлиб кетяпти!

Шунда Баҳром ака:

– Мен оддий ҳайдовчиман, коммунистман, ўз бурчимни биламан ва виждонан ишлаб юрибман. Режаларимни 140 фоизга уддалаб келяпман... Ота-онасининг қабрини зиёрат қилишга рухсат бермаган бундай партиядан ор қиламан! Партия сафидан чиқаман ва бундай партиядан воз кечаман! – деб партия билетини столга ташлади.

У пайтларда партиядан ўчириш қамоқ билан тугарди. Раислик қилувчи шаҳар прокурорига, ички ишлар бўлими раҳбарларига: “Алоҳида шуғулланасиз – қамайсиз!” деб, автокорхона директорига эса: “Мошинасини тортиб олинг!” деб топшириқ берди. Шунда Баҳром ака босиқлик билан:

– Қамалсам ҳам, майли. Мен бўшманми?.. – деб хонадан чиқиб кетди...

Ҳозир Баҳром ака етмиш ёшларни қоралаб қолди. Халқимиз орасида обрў-эътибори баланд. Баҳром ака билан ўша кунларни эслаб кулишиб юрамиз.

 

Боғотда ўқилган ҳайит намози

“Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида таъкидланганидек, юртимизда мустабид тузум даврларида ҳам имон-эътиқодини йўқотмаган, тоат-ибодатли, ҳалол ризқ топиб яшаган одамлар кўплаб топилар эди. Улар худосиз тузум зуғумлари шароитида ҳам имонларини, ибодатларини сақлаб қолишга ҳаракат қилишарди. Айниқса, икки ҳайит намозини ўқиш ҳар йил оғир масала эди. Энг олдин ҳайит намозини ўқишга хилватроқ жой топиш керак. Кимдир мозорда ўқиймиз деса, ким мулла Эргаш бобонинг боғида, яна кимдир Шароф бобонинг боғотида ўқиймиз, деб таклиф қиларди. Бир гал уйи қишлоқ четроғида бўлган Шароф бобонинг боғоти танланди.

Жума намозларини, таровеҳ намозларини мачитларда эркин ўқиш, Аллоҳга шукр, бизга насиб қилди. Боболаримиз бу кунларни кўришганидами!

Мустақиллигимизнинг қадрига етайлик. Бундай кунларга етганлар бор, етмаганлар бор. Айниқса, ёшларимиз қандай замонда яшаётганларини билсалар, дейман.

Файзулло МУҲАММАДИЕВ,

Каттақўрғон Педагогика коллежи ўқитувчиси, Халқ таълими аълочиси