Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ таоло охиратда унинг айбини беркитади”, деганлар (Имом Ибн Можа ривояти).

Солиҳлардан бир киши аёлини талоқ қилмоқчи бўлибди. “Аёлингда қандай айб бор?” – дейишибди. У: “Ақлли киши ўз аёлининг айбини фош қилмас”, дебди. Уни талоқ қилганидан кейин: “Аёлингда қандай айб бор эди?” дейишибди. У: “Энди у менга бегона, бировнинг аёли билан ишим йўқ”, дебди.

Бир солиҳ кишининг рафиқаси ҳадеб азият бераверадиган аёл экан. Солиҳ киши аёлининг азиятларига сабр қилар, ҳидоят сўраб дуо қиларкан. Аёлининг азиятларига қилган сабри туфайли, кеч кирганда уйида бир нур тараларкан. Аёли вафот этгач, ўша нур ҳам йўқолиб қолибди. Қўшнилари: “Нега уйингиздаги нур йўқолиб қолди?” деб сўрашибди. Шунда у киши: “Нур аёлимнинг яхшилиги сабабли тараларди”, деб хотинининг айбларини беркитибди. Қўшнилари аёлининг каромати туфайли уйда нур таралар экан, деб ўйлашибди...