Имом Аҳмад ибн Ҳанбал сафарларидан бирида қоронғу тушгач, бир қишлокда тўхтади. Тунаш учун масжиддан бошқа жой тополмади. У ерга кириб, энди ётмоқчи бўлганларида, ўша атрофда айланиб юрган бир соқчи у кишини кўриб қолди ва масжиддан чиқариб юбормоқчи бўлди. Имом Аҳмад соқчига ҳар қанча тушунтирса ҳам, у тушунишни истамади. Охири Имом Аҳмад соқчига: “Ҳеч бўлмаса масжид остонасида ётай!” деди. Соқчи барибир у кишининг масжидда қолишига рухсат бермади.

Имом Аҳмад жуда виқорли, кўрган одамни у кишининг ҳайбати босарди. Ўша маҳаллада нон сотиб юрадиган новвой у зотни узоқдан кўриб қолди. Қараса, соқчи Имомни масжиддан чиқариб юборяпти. Дарҳол Имомнинг олдига бориб, уйига таклиф қилди. Имом Аҳмад новвой билан бирга унинг уйига кетди. Мезбон у кишини иззат-икром билан меҳмон қилди.

Кейин новвой хамир қориш учун бир четга борди. У ҳар гал хамирни муштлаётганида истиғфор айтар, нонни зувала қилишда ҳам, уни тандирга ёпишда ва ундан узиб олишда ҳам истиғфорни тўхтатмас эди. Бу ҳолни кузатиб ўтирган Имом Аҳмад новвойдан кўп истиғфор айтишининг сабабини сўради. Новвой ҳар бир ишда истиғфор айтишга одатланиб қолганини сўзлади.

– Истиғфорнинг фойдасини кўрдингми? – деб сўради Имом Аҳмад.

Новвой:

– Ҳа, Аллоҳга қасам, нима деб дуо қилсам, барчаси ижобат бўлди. Фақат биргина дуойим ижобат бўлмади, – деб жавоб берди.

– Нима экан ўша дуо? – деб сўради Имом.

– Имом Аҳмад ибн Ҳанбални кўриш, – деб жавоб берди новвой.

Шунда Имом Ахмад:

– Мен Аҳмад ибн Ҳанбалман. Демак, сенинг дуойингни ижобат қилиш ва орзуйингга етказиш учун Аллоҳ таоло соқчини сабаб қилиб, мени масжиддан чиқариб юборган экан-да! – деди.

Нозимжон ИМИНЖОНОВ,

Тўрақўрғон туманидаги “Усмон Зуннурайн” жомеи имом ноиби