Билиминг кўкларга етган бўлса ҳам,

Бировлар фикрига қулоқ тут ҳар дам.

Мантиқ илмини ўрганаётган бир киши кекса деҳқон билан қўшни бўлди. Уларнинг ҳовлиси одмигина пахса девор билан ажратилган эди. Эрта баҳорда ҳар иккиси бозордан биттадан ўрик кўчати сотиб олиб, ҳовлисига экишди. Деҳқон ўзи эккан ниҳол шохчаларининг кўпини кесиб ташлади ва қўшнисига ҳам шундай қилишни маслаҳат берди. Аммо қўшни кўчатни қазиб олаётганида унинг эгалари томирларини кесишган бўлса, энди мен унинг шохчаларини кессам, жароҳати икки томонлама бўлади-ку, деган ўй билан: “Ҳам шохидан, ҳам томиридан шамол киради. Бир жойидан жароҳат олган тез тузаладими ёки кўп жойидан жароҳатланган кишими? Мантиқ илми шунга суянади. Сиз бир оддий қишлоқ деҳқонисиз, мантиқ илмининг нималигини қайдан билардингиз”, дея кекса қўшнисининг маслаҳатига қулоқ солмади.

Тез орада қўшнининг кўчати кўкара бошлади, ҳатто бир нечта гул тугди ҳам. Кекса деҳқоннинг кўчати эса ҳалигача кўкармай турарди. Маҳмадона қўшни бот-бот: “Ҳадемай болаларимнинг оғзига довча тегиб қоладиганга ўхшайди. Қўйинг, куйинманг қўшни, ортса сизларга ҳам илинаман”, дерди кўчатига ишора қилиб. Отахон унинг гапига жавобан жилмайиб қўярди, холос. Кунлар исиган сари аста-секин кекса деҳқон эккан кўчат ҳам шохчалар чиқарди. Баҳор адоғига бориб, тез кўкариб гул туккан кўчат юқори шохларига озуқа юборишга кучи етмай қурий бошлади. Бу ишдан ҳайрон бўлган қўшни бир оғайнисидан маслаҳат сўради. У оғайнисидан отахон билан бўлган муносабатларини батафсил эшитгач, бундай деди: “Ўртоқ, сен билан биз ҳали ғўрмиз, кўпни кўрган, ёши улуғ инсонларнинг насиҳатига қулоқ тутсак кам бўлмаймиз. Донишманд халқимиз: “Қари билганини пари билмас”, деб бежиз айтмаган. Гарчи биз мантиқ илмидан сабоқ олаётган бўлсак-да, ҳаёт тажрибаларимиз кам, қолаверса биз деҳқон ҳам эмасмиз”.

Оғайнисидан бу гапни эшитган киши кекса деҳқон қўшнисининг насиҳатига қулоқ солмаганидан афсусланди...

 

Абдурашид ЭСОНҚУЛОВ,

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани “Белибойли ота” жоме масжиди имом-хатиби