Қадимги Хитойда бир қиз турмушга чиқди. Келинлик ҳаётининг илк кунлариданоқ эри ва қайнонасининг хизматига киришди. Бироқ нимагадир эри уни тез-тез тергар, баъзида айбларини юзига соларди. Аёл бора-бора бу ҳолдан безди, ундан қутулиш пайига тушди. Ўйлай-ўйлай гиёҳлар билан даволайдиган табибникига йўл олди. У отасининг эски таниши эди. Аёл табибга дилини ёрди:

– Мен эрим билан ортиқ яшаёлмайман. Жоним ҳиқилдоғимга келди, тўйиб кетдим. Сизнинг ёрдамингизга муҳтожман. Бир иложини топинг, истаган пулингизни бераман...

Гиёҳчи-табиб унинг мақсадини тушунди-ю, лекин ўзини гўлликка солиб сўради:

– Сенга қандай ёрдам беришим мумкин?

– Кучли заҳар керак. Ўша билан эримни заҳарлайман ва барча алам-изтироблардан қутуламан.

Гиёҳчи узоқ ўйлади, сўнг:

– Бўпти, сенга ёрдам бераман. Лекин иккита нарсани яхшилаб тушуниб ол. Биринчиси, сен эрингни бирданига заҳарламаслигинг керак. Йўқса, нима бўлганини одамлар тезда пайқаб олади. Мен сенга эрингни аста-секинлик билан заҳарлайдиган бир гиёҳ бераман. У худди ўз ажали билан ўлгандек бўлади, ҳеч ким ҳеч нарса сезмайди. Иккинчиси, шубҳа-гумонлардан нари бўлиш учун ғазабингни яширишинг шарт. Эрингни ҳурматлашинг, севишинг, сўзини икки қилмаслигинг ва сабрли бўлишинг керак. Агар шуни уддалай олсанг, у ўлган пайти ҳеч ким сендан шубҳаланмайди.

Қиз айтилганларга рози бўлди. Ҳар куни эрининг овқатига гиёҳлардан озгина-озгина қўша бошлади...

Хотинининг муомала-муносабати яхши томонга ўзгаргани, мулойимлашганини кўрган эр унга меҳр қўйди, уни тергамайдиган, майда-чуйда камчиликларига кўз юмадиган бўлди. Бир куни юраги ҳаяжонга тўлиб: “Сен дунёдаги энг яхши рафиқасан. Йигитлигимда худди шундай турмуш ўртоғим бўлишини орзу қилгандим”, деб дил изҳори қилди.

Қайнона-келин ўртасидаги муносабатлар ҳам яхшиланди. Ярим йил ўтар-ўтмас улар худди она-боладай иноқ бўлиб кетишди.

Шундай кунларнинг бирида қиз гиёҳчининг ҳузурига келди. Унга ялиниб-ёлвора бошлади:

– Сиздан ўтиниб сўрайман, эримни қут­қаринг. Анави заҳарнинг кучини кесадиган бирор нарса беринг. У кишининг ўлишини истамайман. Эримни яхши кўраман, у дунёдаги энг яхши умр йўлдоши.

Бу гапдан табибнинг юзига табассум югурди. Сўнг қизнинг кўнглини бир дунё қувончга тўлдирган мана бу гапларни айтди:

– Хавотирланма, қизим. Мен сенга ҳеч қанақа заҳар берганим йўқ эди. У гиёҳлар шунчаки зиравор, холос. Заҳар аслида сенинг миянгда, онгингда эди. Мана, ундан қутулибсан. Сени табриклайман. Қўшганинг билан қўша қари, бахтли бўл, қизим.

Ориф Толиб тайёрлади.