- Йўқ дедимми, йўқ! Минг марта сўрасангиз ҳам бундан бошқа жавоб ололмайсиз! - деб йиғи аралаш жавоб қайтарди Малика.

- Қизим, мен сени ўйлаяпман. Бир кун келиб афсусланасан. Аммо унда кеч бўлади.

- Аллақачон кеч бўлган. Сиз дадамга жаҳл қилиб даволанмаганингизда кеч бўлиб бўлган.

- Нималар деяпсан?! Ҳали боланг ногирон туғилганига мени айбдор қиляпсанми?!

- Ахир, бу бор гап-ку! Сиз даволанмаганингиз учун мен юрак хасталиги билан туғилдим. Шу пайтгача яшашимнинг ўзи мўъжиза эди. Мен ўша мўъжиза таъсирида фарзандли бўлишга жазм қилдим. Сиз бўлсангиз, болангни ногиронлар уйига топшир, дейсиз.

- Тушунсанг-чи, бу ҳолда на ишлай оласан, на одамлардек яшайсан! Умринг шу тўрт девор орасида ўтиб кетади. Ўзинг­ни шу бола учун қурбон қилмоқчисан, узоқроқ яшасаям майлийди...

- Бас қилинг, ойи! Ёмон ният қилишга уялинг. Худо боламга қанча умр берса, шунча ёнида бўламан.

- Мен бундай яшашингга чидаёлмайман!

Маликанинг кўнглидан: "Унда олдинроқ, дадамни жазолаш мақсадида ҳомиладор ҳолингизда атай шамоллашдан олдин ўйланг эди", деган гап ўтди. Аммо ўйини тилига чиқармади. Айни чоқда Салима опанинг ҳам ичини пушаймонлик ўртаётган эди. Ҳақиқатан, хиёнатга дуч келганида кўзига ҳеч нарса кўринмади. На қорнидаги боласи, на ўзининг ҳаёти. Эрини бу иши учун минг пушаймон едиришдан бошқа нарсани ўйламай қўйди. Боласини ҳам, ўзини ҳам нобуд қилса-да, шунга эришмоқчи бўлган эди ўшанда. Совуқ қишда икки кун ялангоёқ қор кечди, аммо юрагининг тафти босилмади. Фақат касалхонада иситмалаб ётганида эри келиб йиғи аралаш кечирим сўраганида ўзини айб­дор сезди, унинг кўзларига қарай олмади - шунда юрагидаги олов бир оз босилгандек бўлди. Аммо бу "тафт босиш" қимматга тушди. Қизи, Маликаси дард билан туғилди. Салима опа уч болани етим қилмай деб эрини кечирди. Аммо ота-онасининг хатоси бадалини Малика тўлаб яшади. Энди эса боласи...

Салима опа хатонинг каттасини ўзи қилганига амин  эди. Айнан шу сабабли қизини бундан кейин ҳам қийналишига йўл қўйишни истамаётган, набирасини тезроқ ногиронлар уйига топширишни ўйлаётган эди. Шифокорлар болани узоғи билан ўн йил яшайди, деб айтиб туришган бўлса! Ўн йилда шусиз ҳам касалванд Малика адои тамом бўлади-ку! Салима опа юрагидаги оналик меҳри билан боласига яхшилик тилаб, бу ишни истаганидек ҳал қилишга қанча уринди. Аммо у бир нарсани - Малика ҳам ўзидек она эканини қарийб унутган, қизининг қарорини қайсарлик деб қабул қилар эди.

Орадан уч ой ўтди. Малика ногирон ўғлига қарашдан кўра, унга сохта меҳрибонлик қиладиганлардан чарчаб кетди. Опасининг ўзи шу ниятда неча бор келди. Охирги галгиси ўтиб тушди. Опасини кузатиб қўйдию ўзи нақ телба бўлаёзди. Бўғзидан ғалати товуш отилиб чиқди. Уч ой давомида юрагида йиғилган аламлар тошқини эди бу товуш. Малика ўзини босишга ҳар қанча уринмасин, бир томондан йиғи иккинчи ёқдан ёввойи бир кулгу босиб келаверди. Дам йиғлайди, дам кулади.

Қўшни Фарида опа югуриб чиқди. Хотинига қараб нима қиларини билмай турган Алижон қайнонаси билан онасини чақириш учун телефонга югурди. Аммо рақамларни териб улгурмасидан Маликанинг имловига кўзи тушди. Гўшакни жойига қўйишни ҳам унутиб, унинг ёнига чопди:

- Чақирманг.... ҳеч кимни ча... ҳа-ҳа-ҳа... - Малика сўзини якунлай олмади, кулгу босди яна.

- Қаттиқ толиққан, асабийлашган, - деди қўшни аёл Алижонга. - Тинчлантирувчи дори берсак, ўтиб кетади.

Энди Малика йиғлай бошлади. Фарида опа уни юзига шапатилаб ўзига келтиришга ҳаракат қилди. Алижон эса Маликага термулганича тош қотган, ногирон фарзанд кўрганида ҳам бунчалик даҳшатга тушмаган эди. Ичидан куйган бўлса-да, хотинини "Худонинг ёзиғи" деб юпатган эди.

Фарида опа берган дори таъсирида ярим соат ўтиб Малика ўзига келди. Аммо унинг гапиришга ҳоли қолмаган эди. Анча ётгач, оғзига тутилган совуқ чойдан ҳўплаб, аста гап бошлади:

- Чарчадим, ҳаммасидан чарчадим. Уйимга келган одам битта гапни қайтаради - ўзинг­ни хароб қилма, болангни топшир! Ахир, бир нуқтага термулиб ётган шу гўдак - менинг болам.  Уни ногиронлар уйига топшириб қўйиб тараллабедод қилиб яшашнинг менга нима кераги бор?!

Яна силкиниб-силкиниб йиғлай бошлаган хотинига қараб Алижоннинг юрагини ваҳима босди. Худди боягидек ҳолат такрорланадигандек юраги увишди. Шу пайт Фарида опа ҳам Маликага қўшилиб йиғлаб юборди. Кейин кўзёшларини артиб, Алижонга юзланди:

- Сиз қандай фикрдасиз? Айтмоқчиманки, эркаклар бунақа масалаларда сал бошқа­чароқ ўйлашади-да! Айтишади-ку, "бели боғлиқнинг кўнгли боғлиқ", деб...

- Бу нима деганингиз, опа?! Ногирон бўлса ҳам болам, уни топшириш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганман!

- Баракалла, яшанглар! - деди Фарида опа. Кейин пича ўй суриб қолди. - Мен сизларга бошимдан ўтган бир воқеани сўзлаб берай, хулосани ўзларинг чиқарасизлар.

Учинчи фарзандим туғилди. Боламнинг оппоқ, лўппи юзларига қараб юрагим энтикди. "Қизми?" деб сўрадим шифокордан.

"Ўғил!" жавоб қайтарди у. Шу аснода болани бағрига босганича эшикка йўналди. "Ўғлимга шерик, Худога шукр", деб ўйлаб турган эдим, шифокорнинг ҳаракатидан ширин ўйларим ҳар томон тарқади. Хуллас, болам ногирон туғилган экан...

Кўз олдим қоронғулашиб кетди. Назаримда, бу дардни кўтаролмайдигандек эдим. Алам устида мени узоқ қариндошга узатган ота-онамни ҳам айбдор қилдим. Аммо вақт ўтгани сари алам юки камайгандек бўлди. Ўғлимнинг ногиронлигини қабул қилдим десам, алдаган бўламан. Мен бунга кўникдим, холос. Ҳаёт давом этаверди. Орадан икки йил ўтиб қизим туғилди, энди ҳам ногирон ўғлимга, ҳам чақалоққа қараш менга оғир кела бошлади. Шунда эримнинг таклифини қабул қилдим. Ўз роҳатимни ўйлаб, қийинчиликлардан қутулиш учун...

Ўғлим Алимардонни ногиронлар уйига топширдик... вақтинчага... Мадина катта бўлса, қайтариб олиб келармиз, дедик.

Ўшанда сизлардек йўл тутишга иродам етмади. Меҳрим бош­қаларидан кўра шу ногирон боламга кўпроқ керак, деёлмадим. Индамай рози бўлдим. Ҳеч эсимдан чиқмайди, уни олиб кетишга тайёрларканман, худди бир кўнгилсизликни сезгандек мун­ғайиб қолди...

Олдинига тез-тез бориб турардик. Кейин зиёратлар ораси сийраклашди. Қизим катта бўлгач, ишга чиқиб кетдим. Боламни қайтариб олиб келиш, яна бир неча йиллар уйда ўтиришни хаёлимга сиғдиролмадим.

Эр-хотин ишлаб уй-жой қилдик, машина олдик. Кўргани борганимизда, машинани таниб, болам, Алимардоним қандай хурсанд бўлишлари ҳали-ҳали ёдимда. Ғалати овоз чиқариб роса қийқирарди. Бир сафар борганимизда тарбиячиси:

"Алимардон жуда бошқача бола! Унга меҳрим бўлакча", деб қолди.

Ичимдан  ғалати ўй ўтди: шу ердаги бошқа болалар қатори-да, қанақасига бошқача бўлсин?!

"У ақлан заиф бўлишига қарамай, келганингизни  бошқача қабул қилади. Бу ердаги кўп болаларга бунинг фарқи йўқ. Узоқроқ келмай қолсаларинг, дарвозадан кўз узмай ўтиради. Айниқса, кейинги пайтларда жуда ўзгарди. Йўлларингга ҳар доимгидан кўпроқ маҳтал. Ўғлингизни олиб кетинг, ўз уйи­да, ака-укалари олдида яйраб яшасин! Ахир, унинг ҳам бунга ҳаққи бор!"

Бу гапларни эшитиб, бир муддат барча орзу-истаклардан воз кечиб, ўғлимни парвариш қилишни ўйлаб қолдим. Лекин кўнглимдан ўзим ҳам ишонмайдиган ёлғон ўтди: "Бошлаб қўйилган иморатни битказиб олайлик, боламни олиб кетаман". Аслида бундай иморатдан ўнтаси битса ҳам боламни олиб кетиш хаёлимга келмасди. Фақат ўзимни алдадим, ўз ҳолимча виждонимни поклаган бўлдим, холос.

Орадан бир ҳафта ўтиб, ногиронлар уйи директори телефон қилди: Алимардон касал бўлиб қолибди. Дадаси билан етиб борганимизда касалхонага олиб кетиб бўлишган эди. Қанчалик шошилмайлик, ўғлимизни тирик кўриш насиб қилмади. Болам бегоналар орасида яшади, бегоналар қуршовида жон берди. Шунга ҳам олти йил бўлди. Ўшандан бери ҳар куни тонгда виждон азоби билан уйғонаман. Тунда яна ўша азоб билан олишаман.

Мен қандай она бўлдим? Ўз роҳатимдан боламнинг шодлигини устун қўёлмадим. Биз катталарнинг айби билан азобда яшашга маҳкум бўлган боламнинг қисқагина умрини меҳрга, шодликка тўлдиришга нега ҳаракат қилмадим?! Қани эди, вақтни ортга қайтаришнинг имкони бўлса. Сизлар мен қилган хатони ҳеч қачон такрорламанглар...

Фарида опа чиқиб кетганидан кейин эр-хотин анчагача жим ўтириб қолишди. Охири  Малика тилга кирди:

- Ҳамманинг бир томон бўлиб олганини кўриб иккилана бошлаган эдим. Сал бўлмаса, у ердаги мутахассислар сендан яхши қарашади, деб мени ишонтиришларига бир баҳя қолди-я!

Малика боласига бир муддат тикилиб тургач, уни бағрига босди:

- Сендан жаннатнинг иси келяпти, сен менинг боламсан, жигарпорамсан.

Она-болага бир четда қараб турган Алижоннинг кўзлари севинчдан ёшланди. У ҳам боласининг ёноғидан ўпиб эркалади. Икковлари ҳам гўдаклари ёнларида эканидан бахтиёр эдилар.

Нигора МИРЗАЕВА