Бир киши сартарошхонага кирди. Соч-соқолини олдираётган пайтда сартарош билан гаплашиб ўтирди. Гап эътиқод мавзусига кўчди.

Сартарош деди:

– Нима десангиз денг, лекин мен Худонинг борлигига ишонмайман.

– Нега? – деб сўради мижоз.

– Худонинг йўқлигини англаш учун шундоққина кўчага чиқишнинг ўзи етади. Хўп, сиз айтгандай Худо бор бўлса, шунча касал одам қаердан пайдо бўлди? Кўчаларда дайдиб юрган уйсиз болалар қаердан келди? Агар У ҳақиқатан ҳам бор бўлганда, қайғу ва дард нималигини билмаган бўлардик. Бу нарсаларни кўриб, шодланадиган, уларга йўл қўйиб берадиган Худо борлигига қандай ишониш мумкин?!

Мижоз индамади. Сартарош ишини тугатгач, унга меъёрдагидан ортиқроқ ҳақ тўлади. Хайрлашиб, ташқарига энди қадам қўйган эди, кўчада шу томонга келаётган соч-соқоли ўсиқ бир кишини кўриб қолди. Изига қайтди-да, сартарошхона деразасини чертиб, устани ёнига чақирди. Ҳалиги соч-соқоли ўсган кишини кўрсатиб, деди:

– Нима десангиз денг, лекин мен сартарошлар борлигига ишонмайман.

У бош кийимини ечиб, енгил таъзим қилди-да, йўлига равона бўлди.

 

Ориф Толиб тайёрлади.