Язид ибн Малҳаб ўғли Муовия билан бирга сафарга чиқди. Сафар чоғида уларни саҳройи бир аёл меҳмон қилди. Меҳмондорчилик сўнгида Язид ўғлидан сўради:

– Харж пулларингдан қолдими?

– Ҳа, юз динор.

– Уни аёлга бер.

– Бу аёл сизни танимайди. Озгина берсак ҳам рози бўлади, – деди ўғли.

Язид деди:

– Агар у озига рози бўлса ҳам, мени кўп беришинг хурсанд қилади. Агар у аёл мени танимаса ҳам, мен ўзимни танийман.

* * *

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абу Дардога дедилар: “Сенга ибодатларнинг энг осони ва енгилини айтайми?” Абу Дардо деди: “Ҳа, ё Расулуллоҳ!”

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилдилар: “Камгаплик ва ҳусни хулқли бўлишдир”.

* * *

Донишмандлар айтади: Энг юксак ахлоқ – адашганга ҳақ йўлни кўрсатиш, иши тушган одамнинг мушкулини осон қилиш, ёмонликни кечириш, рўпара келган ҳар бир инсонга табассум қилиш, ўзга ҳақида уни яхши билмай гапирмаслик, жамиятдаги урф-одатларни ҳурмат қилиш, кишиларга ёрдам беришдир.

 

ТИИ катта ўқитувчиси

Илҳомжон ЭШОНЖОНОВ

таржимаси.