Устоз ҳамиша ҳаётдан нолиб юрадиган, ўзини бахтсиз ҳисоблайдиган шогирдига пиёлада сув узатди-да, унга бир сиқим туз аралаштириб, татиб кўришни буюрди. Йигит айтилган ишни қилди.

– Таъми қанақа экан? – сўради устоз.

– Шўрлигидан тилни ўяман, дейди-я!

Устоз шогирдини дарё бўйига олиб борди. Яна бир сиқим туз узатар экан, деди:

– Энди буни дарёга ташлаб, сувнинг мазасини тотиб кўр.

Йигит бу сафар сувни ҳузур билан ичди.

– Хўш, шўрлиги сезилдими? Мазаси қанақа экан?

– Ажойиб. Шўри йўқ бўлиб кетибди, умуман сезилмади.

Бу сўзлардан мамнун бўлган устоз насиҳат қилди:

– Ҳаёт қийинчиликлари бир сиқим туздек гап. Қалбингни кенг қилсанг, билинмай кетади. Ҳаётда мисоли бир пиёла сув эмас, дарё бўлиб яшашни ўрган.

Одилжон РАСУЛОВ,

Андижон вилояти, “Бозор боши ” жоме масжиди имом-хатиби