Анвар китоб ўқишни жуда ҳам яхши кўради. Айниқса, "Қуён ва тошбақа" ҳикоясини берилиб ўқийди. Ҳикоядаги қуённинг қилиқлари ҳақида ўқиб, расмларини кўриб, мириқиб кулади ва Тошбақанинг ақлига қойил қолади.

Кунлардан бир кун Анвар яна ўша ҳикояни ўқир экан, расмдаги Тошбақа билан хаё­лан суҳбатлашди:

– Салом, Анвар! Кичкина бўлатуриб ҳикоялардан ўзинг­га тўғри хулосалар чиқариб, ибрат олаётганингдан хурсанд­ман, – деди Тошбақа.

Анвар ундан:

– Тошбақажон, сен неча ёшдасан? – деб сўради.

– Жуссам кичкина кўринсаям, ўзим 45 ёшдаман. Тошбақалар ўртача 60 йил яшашади, ҳатто бир туримиз 189 ёшгача яшайди.

– Қандай ҳавони яхши кўрасан? – деб сўради Анвар қизиқиши ортиб.

– Иссиқ ҳавони яхши кўраман. Чунки бизнинг тана ҳароратимиз борлиқники билан бир хил бўлади. Овқатни яхши хазм қилишимиз ҳам ҳавога боғлиқ. Бутун борлиқ яратувчиси Аллоҳ таоло бизни иссиқ ва совуқ мавсумда бемалол яшашимиз учун устимизда тош билан яратган. Ўша тош бизни сақлайди. Биз Аллоҳ берадиган ҳар бир неъматга муҳтожмиз, фақатгина У Зот ҳеч нарсага муҳтож эмас.

"Осмонлардаги ва Ердаги бор нарса Уникидир ва ҳақиқатан, Аллоҳнинг ўзигина Ғаний (беҳожат) ва Ҳамид (ҳамд соҳиби)дир" (Ҳаж, 64).

Анвар Аллоҳ таолонинг бу мўъжизасига боқиб туриб, борлиқдаги ҳар бир нарса ўзига хос қилиб яратилганига яна бир бор иқрор бўлди.

 

Мухлиса РАСУЛЖОН қизи тайёрлади.