ИШИД жангарилари Ироқ ва Сурия чегарасидаги катта ҳудудларни босиб олгач, бир қишлоқда яшовчи 20 ёшли Нодияни олиб қочишди. Уни қароргоҳларига олиб бориб, тўққиз кун давомида қуюшқонга сиғмас қийноқлар билан хўрлашди. Ниҳоят, тўққизинчи кун кутилмаганда Нодия қочиш имкониятига эга бўлди…

 

Тутқунликдан қочиш

Биринчи куниёқ Нодия ва бошқа асирликда сақланаётган қизларни пул ундириш ёки фоҳиша сифатида сотишни ният қилишгани маълум бўлди. Жангарилар аёлларнинг оёқ кийимларини тортиб олди. Энди қочиш ҳақида ўйлаш бефойда эди. Чунки улар сақланаётган ҳудуднинг теварак-атрофи оёққа жиддий жароҳат етказадиган чақиртошли ерлар эди. Асиралар ушлаб турилган қароргоҳда жуда кўп хоналар бўлиб, нимагадир уларни тез-тез у хонадан-бу хонага ўтказишарди. Тартиб-интизом ва қоида деган нарсалар бу ерга умуман бегона, ҳаммаси қўриқчиларнинг кайфиятига боғлиқ эди.

Нодия ўзи ўтирган хонадаги жавонни титкилаб, латта-путталар орасидан пушти рангли туфли топиб олди. Бироқ у Нодияга бир-икки ўлчам кичик эди...

Шу пайтгача уни қўриқлаётган, зўрлаб, қийноққа солаётган эркаклар олтита эди. Тўққизинчи куни улардан тўрттаси йўқлигини билиб қолган Нодия балки қаердадир ухлаб ётишгандир, деган хаёлга борди. Ошхонада иккитагина жангари ўтирарди. Улар нима биландир банд, афтидан, баҳслашишаётган эди.

Нодия хонада ёлғиз эди. Бошқа қизлар қаердалигини эса билмасди. Эшик қулфини очишга уринар экан, унинг носозлигини ва осонгина очиш мумкинлигини англади. У яшириб қўйган туфлисини олиб, амаллаб кийди. Хонадан аста ўрмалаб, айвонга чиқадиган эшикни очди. Шарпасини ҳам сездирмай уйдан чиқиб, кўзига баҳайбат кўринган боғ ичига ўзини урди. Дов-дарахтларнинг қуриган япроқлари шамолда тинмай шитирлар, бу эса унинг юрагига ваҳима соларди. Бунданам ёмони, атрофда қўриқчи итлар бор. Бирортаси сезиб, ҳуриб қолса-чи?.. Бахтига ҳаммаёқ жимжит…

Унинг йўлини тош девор тўсиб чиқди. У жуда баланд эди, ошиб ўтиш амримаҳоллиги кўриниб турарди. “Шу девордан ошиб ўтишим шарт, – деди у ўзига-ўзи. – Имкон қадар тезроқ”. Шу пайт тош деворда оёқ қўядиган жой борлигига кўзи тушди. Амаллаб юқорига чиқиб олди. Хайрият, деворга тикансим ёки бетонланган ойна синиқлари қўйилмаган экан. Деворнинг нариги томонида зулмат тун. Қаердадир узоқда хира сариқ шафақ кўринарди. Бирорта шаҳарча ёки қишлоқ бўлса керак, деган тахминга борди қиз.

Девордан сакраш қўрқинчли эди. Бироқ Нодия қўрқувни енгди. Ерга эсон-омон сакраб тушиб, бор кучи билан югуришга тушди. “Қочишни хаёлингга ҳам келтирма!” деб огоҳлантирганди уни жангарилар. Агар қочадиган бўлса, бир пасда яна ушлаб олишармиш, чунки ҳар бир қочоқ бошига 5 минг АҚШ доллари мукофот тайинланган экан. Қўлга тушганларнинг жазоси эса фақат ўлим...

Нодия ўзининг тўққиз кунлик азоб-уқубатда ўтган ҳаёти ҳақида гапирар экан, ўпкаси тўлиб кетади, кўрган хўрликлари эсига тушиб, ҳўнг-ҳўнг йиғлайди, оғир изтиробга тушади. Аммо жим туришни ҳам хоҳламайди, террорчиларнинг жирканч ишларини, қабиҳликларини бутун дунёга ошкор қилишни истайди.

Ҳарбий жиҳатдан яхши қуролланган “Ироқ ва Шом ислом давлати” жангчилари катта ҳудудларни босиб олишга муваффақ бўлдилар. БМТ ҳисоботига кўра, ҳозир қочоқлар сони 1,8 миллион кишидан ошди. Жангарилар мингга яқин қизни ўғирлаб кетишган...

 

Қишлоқдаги ҳаёт

Нодиянинг болалиги қишлоқда ўтди. У бу ерда бахтли эди. Ўн бир йил муқаддам отаси оламдан ўтди. Марҳумдан бир қаватли, лекин майдони анчагина катта, тўртта кенг хонали уй қолди. Болалари: Нодия, унинг ўн икки нафар ака-укаси ва иккита опа-синглиси шу уйда улғайди. Ҳозир ака-ука ва опа-сингилларидан тўққиз нафари ва онаси бедарак йўқолганлар қаторида.

Нодия мактабга боришни ёқтирарди, у аълочи қизлардан эди. Айниқса, тарих фанини ёқтирарди. У келажакда олий ўқув юртига киришни, ўқитувчи бўлишни, тинч-тотув оила қуриб, бахтли ҳаёт кечиришни орзу қиларди.

Жангарилар Нодиянинг қишлоғига бир-икки кун фарқ билан бир неча марта келишди. Улар тинч аҳолини қўрқитиб, бу ерда энди улар хўжайин эканликларини уқтиришарди. “Улар қора кўзойнак ва ниқобда бўлишар, белларига ўқотар қурол ва ханжар осиб юришар эди”, деб эслайди Нодия.

Улар дастлаб одамлардаги барча қуролларни йиғиб, юк машиналарига ортишди. Қишлоқ аҳолисини эса мактаб биносига ҳайдаб киритишди. Эркакларни аёллардан ажратишди, сўнг кичик гуруҳларга бўлиб, олиб кета бошлашди. Аёллар кун бўйи тинимсиз ўқ овозларини эшитишди, улар худди фалаж ҳолатга тушиб қолгандек эди. Сўнгра ёш аёлларни ажратиб олишди. Сўнгги лаҳзада онаси тилла узугини ечиб, Нодияга берди: “Балки асқотиб қолар”, деб шивирлади у. Бу онасидан қолган сўнгги хотира бўлиб қолди...

 

Тутқунлик, исканжа, зўравонлик

ИШИД жангарилари Нодия билан бир қаторда олтмиш тўрт нафар аёлни машина ва микроавтобусларга ўтқазиб, июль ўрталарида ИШИДга ўтган шаҳарлардан бири – Мосулга олиб кетишди. Нодия асира бўлган ўша тўққиз кун давомида беш марта кўчилди.

“Биринчи уй, – деб эслайди Нодия, – Ғози Ҳусайн деган қочоқ судьяга тегишли эди. Бу ҳақда бизни қўриқлайдиганлардан бири айтиб берди. Аммо, энди, Аллоҳга шукур, уй бизга қарашли, деб фахрланиб қўярди жангари. Деворларда ҳалигача судя ва аёлининг сурати осилиб турарди. У ерда асираларни уч кун ушлаб туришди. Кейин эса уларни иккинчи, учинчи, тўртинчи, бешинчи уйларга “жойлаштиришди. Шу тўққиз кун бутун бир умрдан ҳам узундай туюлди”.

Баъзан уларни умуман овқатсиз қолдиришар ёки олти кишига биттагина айниган тухум беришарди. Қизлар икки кун давомида сув нималигини билишмади. Кейин эса айни жазирама қиздириб турган пайт бўлишига қарамай бор-йўғи бир коса чойга эришишди, холос. Қизлар косани қўлдан-қўлга узатишди, ҳар бирига атиги икки қултумдан тегди.

Бошқа сафар уларни яна сувсиз қолдиришди. Чанқоқ зўрайган пайтда ваннадан бир челак сув олиб беришди. Бу сувдан совун ва пешоб таъми келарди. Аммо чанқоқни нима биландир қондириш керак эди, бошқа чора йўқ эди.

Қўриқчилар уларни ҳеч қандай сабабсиз кунига бир неча маротаба калтаклашарди. Бутун юзини соқол қоплаб олган эркак электр кабелидан, яна иккитаси эса хипчиндан фойдаланарди. Баъзан мушт туширишар, баъзан тепкилашарди. Бечора қизларни қайта-қайта зўрлашарди.

Нодия бу зўрлашлар ҳақида батафсил гапирмайди. Бу мавзу унинг учун жуда оғир. Бундан ташқари номуси қандай топталганини бошқаларга ошкор қилишни истамайди. “Ҳар биримизни алоҳида хоналарга олиб кетишар, у ерда бизни бирор эркак кутиб турарди”, дейди у. “Биз нима ҳам қила олардик? – дея шивирлайди бироз сукунатдан кейин. – Жангариларнинг раҳмини келтиришнинг умуман иложи йўқ эди. Аёллардан бири золимларнинг оёғига йиқилиб, қўлларини, тиззаларини ўпиб, раҳм-шафқат сўради. Бироқ бу унинг азобини енгиллаштирмади, аксинча, ИШИДчиларнинг кайфини чоғ қилди, холос. Қизлар жангариларга ташланиб, бўғиб ўлдиришни ўйлашар, аммо минг афсуски, бунинг иложи йўқ эди. Чунки қўриқчилар доимо уч-тўртта бўлиб келишар, ёнларида ҳамиша қурол бўларди. Қайсидир куни деразалардан бирини синдирдик. Агар чидаб бўлмас ҳолатда қолсак, ўз жонимизга қасд қиламиз, деб ойна синиқларини қўйнимизга яширдик.

Эркаклар доим ўзгариб, янгиланиб турарди. Қуролланган, қора кийим кийган ёки мошранг формали кишилар келарди. Бундай пайтларда жангарилар махсус хонага кириб, узоқ вақт кенгашиб ўтиришарди...”.

Жангарилардан бири Нодиянинг қўлидан онасининг тилла узугини ечиб, ўз бармоғига тақиб олди. Шундан сўнг Нодия қасам ичди: бир кун келиб, уни албатта топаман, бармоғини кесиб, узукни қайтариб оламан. Қиз бу эркак маҳаллий жангарилардан эмаслигини бир кўришда пайқаган эди.

ИШИД жангариларини икки гуруҳга бўлиш мумкин эди: бирлари жуда диндор кўринарди – бу ўзига хос раҳнамолар араб тилида сўзлашишарди. Қолганлари бошқа тилларда гапиришар, диндорлиги сохта экани сезилиб турарди. Талаффузларини эшитиб, чегарадош ҳудуддан келганликларини тахмин қилиш мумкин эди. Афтидан, улар пул ва аёлларга эга бўлиш илинжида бу ерга келган ва тўдага қўшилган.

 

Нажот

...Нодия девордан сакраб тушиб, шафақ томонга югурди. Ироқда Бағдоддан кейин катталиги бўйича иккинчи ўринда турадиган, қачонлардир кўп миллионлик аҳолига эга бўлган Мосул шаҳрига етиб борди. Бироқ Мосул кўчалари бўш ва ташландиқдек туюлди. Қиз ора-сира уй подъездлари ва буталар орасига бекиниб, у ёқ-бу ёққа аланглар, ҳеч ким кузатиб келмаётганига амин бўлгачгина йўлида давом этарди. У Мосулга етиб келганини англаган, лекин қайси йўналишда юриш кераклигини билмас эди. Ниҳоят, одамлар яшайдиган жойга етиб келди. Бемадорликдан чалажон бўлиб қолган Нодия тўғри келган эшиклардан бирини тақиллатади. Узоқ кутганидан сўнг ҳали уйғониб улгурмаган бир эркак эшикни очиб, қўлидаги мобил телефони билан қизнинг юзини ёритди. Нотаниш аёлни эшиги олдида кўриб ҳайрон бўлган кишига Нодия бошидан кечирганларини гапириб берди. Шундан сўнг у қизни уйига киритиб, аёлини чақирди. Улар Нодияни омбордаги эски-туски нарсалар орасига бекитишди. Унга кўрпа-тўшак, нон ва сув беришди. Шундан сўнггина Нодия оёғи зирқираб оғриётганини ҳис қилди. Туфлисини ечди – бармоқлари қонга беланган эди…

 

Қиз ниҳоят, қариндошларини топди...

Бу воқеалардан бир ярим ой ўтган бўлса ҳам кечалари ҳали-ҳануз қўрқиб уйғонар, тинмай алаҳсирар эди. Қариндошларининг уйи фронтнинг бехатар томонида, Даҳук шаҳридан унча узоқ бўлмаган бир қишлоқда эди.

Нодия бошидан ўтган воқеаларни борича қоғозга туширмоқчи. Чунки у Халқаро жиноий суд борлиги ҳақида эшитган. Амакисининг айтишича, кўп йиллар ўтиб кетган бўлса-да, ҳақиқат учун курашадиган судьялар бор. Улар айбдорларни топиб, тегишли жазо беради. Агар шундай имконият туғилса, орадан ҳатто йиллар ўтиб кетган бўлса-да, ўз кўрсатмасини беради.

Нодия ҳеч нарсани унутмайди.

 

ИШИД фитнаси” китобидан олинди.