Ҳар кунгидан сал кечроқ йўлга чиқдим. Ишхонагача борадиган автобус ўтиб кетган бўлса керак, кейингисини кутсам, кеч қолишим мумкин. Бекатга яқинлашиб борарканман, бошқа йўловчи автобус келиб тўхтади, “Йўл айланиш бўлса ҳам, шунисида кетавераман энди”, деган хаёлда унга чиқдим. Лекин бекатдан қўзғалган ҳам эдикки, орқа томондан мен ҳар куни ишхонагача борадиган автобус келиб тўхтади: “Кейинги бекатда тушаман-да, унисига ўтиб оламан”. Бироқ қисқа фурсатда кейинги автобус бизни қувиб ўтди-да, ғизиллаб кета бошлади: “Улгурмайман шекилли. Майли, Аллоҳга таваккал. Худо хоҳласа, кеч қолмасман”. Хаёлимда шу фикрлар, кўзим олдиндаги автобусда. У кейинги бекатда ҳам кўп тўхтаб турмади, анча йироқлаб кетди. Биз ўтирган автобус эса хотиржам юриб борарди. Шу лаҳзаларда ёнимиздан яна битта яшил автобус шитоб билан ўтиб кетди, олдиндагиси эса кўринмасди. Ҳайдовчимизнинг кўнгли анча кенг эканми ёки вақти бемалолми, ишқилиб, шошилмай кейинги бекатга яқинлашаркан... кўзим у ерда кетма-кет турган ҳалиги – биздан илгарилаб кетган автобусларга тушди. Уларнинг изидан бориб тўхтадик. Шошилиб тушдим-у, олдинда турган автобусга чиқиб олдим. Пастда ҳар иккала машинанинг ҳайдовчилари нима ҳақдадир қизғин баҳслашиб туришарди...

Фикр қилсак, бу – кичкина ҳаётий воқеа, аммо катта ибратга арзийди. Аллоҳ хоҳласа, Ундан астойдил сўрасак, каттаю кичик тилакларимизнинг ижобатини бериши Ўзига осон. Фақат ноумидлик билан калта ўйлаб, эзгу ниятларимизнинг йўллари очилмай қолишига ўзимиз сабабчи бўлиб қолмасак, бас...

 

Гулгун УСМОНОВА