Бир одам йўлда кетаркан, иттифоқо, деҳқонга дуч келибди.

– Ассалому алайкум!

– Ваалайкум ассалом! Йўл бўлсин? – сўрабди деҳқон.

– Сигиримга ем олмоқчиман, шу тарафда бир баққол бор экан, шунинг дўконига кетяпман.

– Шунақами... ундай бўлса, эҳтиёт бўл, алданиб қолма!

– Мени ҳеч ким алдай олмайди!

– Мен айтдим-қўйдим-да...

У одам баққолнинг дўконига етиб келибди. Салом-аликдан сўнг, емнинг нархини сўрабди. “Фалон нарх”, дебди баққол.

– Яхши, менга ўн кило берсангиз.

Баққол ўтирган жойидан қўзғалмабди. Қўли билан дўконнинг орқа томонига ишора қилиб:

– Ўша ёққа ўтиб, емдан керагини олгин-да, пулини тўлаб кетавер. Ўша жойда тарози ҳам бор, – дебди.

Харидор кўрсатилган тарафга ўтиб, халтасини тарозига қўйиб, ем сола бошлабди. Ўн кило бўлгандан кейин қараса, атрофда кимса йўқ, баққол ўтирган жойдан эса бу тараф кўринмайди. Ҳалиги одам халтасига тўрт-беш кило ортиқча ем солибди ва баққолга ўн кило ем учун пул тўлабди.

Баққолни алдабди, хуллас...

Йўлда яна бояги деҳқонни учратибди.

– Ем олдингми? – сўрабди деҳқон.

– Ҳа, олдим. Сен алданиб қолма, дегандинг. Баққол алдашни эплайдиган одам эмас-ку, бир жойда мудраб ў-ўтирибди. Қайтага мен уни бопладим, тўрт-беш кило ортиқча ем олдим, сезганиям йўқ...

Деҳқон унинг юзига ачиниш билан боқиб, бошини сарак-сарак қилибди:

– Аҳ, мен сенга айтгандим-а, алданиб қолишдан эҳтиёт бўл, дегандим-а...

 

Дилфуза КОМИЛ тайёрлади.