Бир куни ҳазрат Али (каррамаллоҳу важҳаҳу) эшик олдида турган тиланчини кўриб, ўғиллари Ҳусайнга:

– Бориб онангга айт, мен берган олти дирҳамнинг бир дирҳамини бериб юборсин. Олиб келиб шу фақирга бер, – дедилар.

Бола бориб қайтгач:

– Онам, у олти дирҳамни ун олиш учун сақлаб қўйдим, деб айт­дилар, – деди.

Шунда Али (розияллоҳу анҳу):

– Ризқни берувчи Аллоҳ. Онангга айт, ўша олти дирҳамнинг ҳаммасини берсин.

Фотима (розияллоҳу анҳо) пулнинг ҳаммасини бериб юбордилар. Али (каррамаллоҳу важҳаҳу) ҳали ичкарига кириб улгурмаслариданоқ, кўчадан: “Туя сотаман”, деган овоз эштилди.

Али (розияллоҳу анҳу) туянинг нархини сўрадилар.

– Баҳоси олти юз дирҳам, деб жавоб берди туянинг эгаси.

Пулини кейинроқ бериш шарти билан ҳазрат Али (каррамаллоҳу важҳаҳу) туяни олиб қолдилар. Туянинг эгаси у ердан узоқлашгач, ўша жойдан ўтиб кетаётган бир киши:

– Бу туя кимники? – деб сўради.

– Меники, – дедилар Али (розияллоҳу анҳу).

– Сотмайсанми?

– Сотаман.

– Қанчага?

– Олти юз олтмиш дирҳамга.

– Розиман, – деди йўловчи ва дарҳол айтилган пулни бериб, туя­ни етаклаб кетди.

Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) туянинг биринчи эгасига қарзини тўлагач, ортиб қолган олтмиш дирҳамни Фотима (розияллоҳу анҳо)га бердилар:

– Бу қандай пул? – сўрадилар Фотима (розияллоҳу анҳо).

 

Айтингчи, ҳурматли муштарий, шунда ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) қандай жавоб қайтардилар?

 

Нигора АБДУМУХТОР қизи

тайёрлади.