Бир куни устоз ва шогирд сайрга чиқишди. Гўзал табиат, очиқ ҳаво, кенгчилик. Хуллас, кўнгил яйрайдиган манзара.

Улар сайр қилиб юраркан, шудгор қилинган бир пайкал олдидан ўтишди. Бир деҳқон эгат олиш билан банд эди. Дала четига эски этик ва ямоқли камзул ечиб қўйилганди. Иккалалари ҳам бу буюмлар камбағал деҳқонга тегишли эканини фаҳмлашди.

Талаба ҳазиллашгиси келиб:

– Устоз, анави кийимларни олиб, бир жойга беркитиб қўяман. Кейин панага ўтиб, деҳқон қандай йўл тутишини кузатамиз. Нима дейсиз? – деди.

– Кўрганларингдан завқланишни истайсанми? Унда бундай қила қол. Сен бойсан, ўзингга тўқсан. Яхшиси, этикларга пул солиб қўй. Кейин панага ўтиб кузатамиз, деҳқон нима қиларкан?” деб таклиф киритди устоз.

Шогирд рози бўлди. Этикнинг иккала пойига ҳам бир дастадан пул тиқди. Сўнг устоз-шогирд четга ўтиб кузата бошлади.

Деҳқон ишини тугатгач, кийимларини кийгани келди. Этигини оёғига илди, нимадир тиқилганини сезиб, ечиб ичига қаради. Қаради-ю, ҳайратдан донг қотди – пул! Бир даста пул! Иккала этикда ҳам! Теварак-атрофга кўз ташлади, ҳеч ким йўқ. У ўзида йўқ шод эди. Деҳқон Яратганга шукрлар айтди, чўк тушиб, хотини қаттиқ хасталаниб, оила йўқчиликдан қийналиб турган бир пайтда ғойибдан кўмак берган саховатли кишини чин дилдан дуо қилди.

Устоз шогирдига қаради. Унинг кўзларидан ёшлар қуйиларди. Устоз сўради:

– Истаган нарсангни олдингми?

– Албатта! Бу менга берган дарсларингизнинг энг яхшиси бўлди, – деди шогирд.

Ориф ТОЛИБ

тайёрлади.