Буюк олим Абдуллоҳ ибн Муборак қўй боқиб юрган болани кўриб қолди. Унга ачиниб: “Бечора бола! Ёшлигидан қўй боқиш билан банд. Улғайгач, Аллоҳ таолонинг ибодати ва маърифатига қандай қовушади” деб ўйлади. “Болага Аллоҳ таолони таниши учун бир масала ўргатай” деб унинг ёнига келди ва сўради:

– Ўғлим, Аллоҳни танийсанми?

– Қул ўз соҳибини қанақасига танимаслиги мумкин...

– Аллоҳ таолони қандай танидинг?

– Мана шу қўйлар ёрдамида.

– Бу қўйлар билан Уни қандай танидинг?

– Бу қўйлар чўпонсиз ҳеч нарса қилолмайди. Уларни ҳимоя қиладиган, сув, ўт берадиган, бўри ва бошқа хавфлардан сақлайдиган киши керак. Шундан тушундимки, бу оламдаги ҳамма нарса – инсон, жин, ҳайвон, жониворлар Яратувчисиз бўла олмайди. Мана шундай қилиб танидим.

– Сенингча, Аллоҳ таоло қандай?

– У ҳеч нарса ва ҳеч кимга ўхшамайди.

– Буни қаердан билдинг?

– Яна шу қўйлардан.

– Қанақасига?

– Мен чўпонман. Қўйларнинг ҳимоячисиман. Улар менинг ҳимоям ва тасарруфимда. Улар менинг нима ўйлаётганимни ва нима қилишимни билмайдилар. Уларга диққат билан қарадим. На улар менга ўхшайди, на мен уларга. Демак, чўпон қўйларига ўхшамаса, Аллоҳ таоло ҳам Ўзи яратган қулларига ўхшамайди. “Унга ўхшаган ҳеч нарса йўқ, У ҳамма нарсани эшитади ва кўради”.

– Яхши нарсаларни сўзладинг. Бирор илм ўрганганмисан?

– Мен бу саҳроларда қанақасига илм ўрганай?

– Бундан бошқа нималарни биласан?

– Уч илмни биламан. Кўнгил илми, тил илми ва бадан илми.

– Бу қандай илм бўлди?

– Кўнгил илми шуки, Аллоҳ менга қалб берди. Қалбни Ўзини таниш ва севиш жойи қилди. Қалб билан Уни танийман. Унинг севганларига кўнглимдан жой бераман, севмаганларига эса бермайман, улардан узоқ бўламан.

Тил илми шуки, Аллоҳ менга тил берди. Тилни Ўзини зикр этиш, исмини айтиш жойи қилди. Уни хотирлаб, тилим билан исмини айтаман. Унга оид бўлмаган сўзлардан тилимни сақлайман, бундай гаплардан узоқда бўламан.

Бадан илми шуки, менга Парвардигор бадан берди. У билан Ўзига хизмат этаман, хизмат саналмаганини эса баданимдан узоқлаштираман.

Олим болакайнинг ҳикматли сўзларидан ҳайратга тушиб деди:

– Ўғлим! Менга айтадиган яна бирор гапинг борми?

Айтинг-чи, азиз муштарий, Абдуллоҳ ибн Муборакнинг охирги сўровига чўпон бола қандай жавоб қайтарди?

 

Нигора АБДУМУХТОР қизи тайёрлади.