Бир йигит бувасига арзи ҳол қилди:

– Ҳаёт зиддиятларга тўла. Сизнинг эса доим кайфиятингиз чоғ. Хафа бўлганингизни, бировдан ранжиганингизни кўрмайман. Сизга ўхшашга шунча ҳаракат қилсам ҳам, уддасидан чиқолмаяпман.

Оқсоқол бир зум ўйланиб, деди:

– Келишиб олайлик, ҳар сафар кимдандир ё нимадандир норози бўлганингда менга битта тош олиб келасан.

– Қанақа тош?

– Фарқи йўқ. Хоҳишингга қараб кўтариб келавер.

Йигит бувам шунақа қилиб ўзини овутаркан-да, деб ўйлади-ю, унинг гапини икки қилгиси келмади. У ёки бу вазиятдан дили хира тортганда шартни бажарди.

Кунлардан бирида қария набирасини чақириб, хона бурчагида турган оғзи боғлиқ қопга ишора қилди:

– Анавини кўтар-чи.

Йигит қопни елкасига ортмоқлади. Ўзиям оғиргина экан, букчайиб қолди.

– Қаерга олиб бориш керак? – сўради зўрға нафас олиб.

– Ҳеч қаерга, ўзинг билан олиб юрасан. Ўтирсанг ҳам, турсанг ҳам зинҳор елкангдан қўйма.

Йигит қариянинг гапини тушунмай бир муддат каловланиб турди-да, кейин қопни елкасидан ташлаб юборди. Ичини очиб қараса, ўша ўзи йиғиб келган катта-кичик, қинғир-қийшиқ тошлар.

– Шуям ҳазил бўлдими, бува! Бу зилдай матоҳни кўтариб юришнинг кимга кераги бор?! – деди йигит ранжиган оҳангда.

Қария меҳр билан набирасининг елкасини силади.

– Тўғри айтасан, болам, бу юкнинг ҳеч кимга кераги йўқ. Ранж-аламга тўла кўнгилнинг ҳам ана шу қопдан фарқи бўлмайди. Хотирада сақланиб қолган дилхиралик фойдасиз юк мисоли, кишини эзиб ташлайди, қаддини букади, бора-бора қалбини ғуборга тўлдиради. Уни орқага ташлаб яхши қилдинг.

 

Юлдуз ЎТКИРХОН қизи тайёрлади.