Бу воқеага анча бўлган. Туман ёшлар ташкилотида ишлар эдим. Бир куни вилоят марказидан яқин танишим иш билан келиб қолди. Гап орасида Оққўрғон анжирларини кўриш, иложи бўлса, бир анжирхўрлик қилиш истаги борлигини қистириб ўтди. Мен уни оққўрғонлик танишим Ражабалининг уйига олиб бормоқчи бўлдим. Ражабалининг уйини суриштириб бориб, дарвозасини тақиллатдик. Биринчи товушдаёқ: “Ҳувв, ҳозир”, дея бир истарали онахон эшикни очди. Билдимки, у Ражабалининг бувиси (бизда туққан онани “буви” дейишади).
– Келинглар, болаларим, қани, уйга, – деб таклиф қилди онахон. Унинг чеҳрасидан нур ёғиларди, худди узоқ кутган меҳмонлари келиб қолгандек шод эди.
– Ражабали бормилар?
– Ҳа, ҳа, бор, қани ичкарига юринглар.
Биз беихтиёр мезбоннинг измига бўйсундик. Хола шоша-пиша сўрига якандоз солиб, хонтахтага дастурхон ёзди. “Овора бўлманг”, дейишимизга қарамасдан, нон-чой келтирди. “Ражабали ҳозир келиб қолади”, деб юриб иккита ликопда янги узилган ширин-шакар тиллоранг анжир келтириб қўйди. Маза қилиб анжирни едик. Сўнгра: “Бунинг гашти бошқа”, деб онахон бизни қўлимиз билан узиб ейиш учун анжирзорга йўллади. Роса маза қилдик. Аммо Ражабалидан дарак йўқ эди. Кейин билишимизча, у юмуш билан узоққа кетган, айни анжир пишиғида тасодифан ташриф буюрган биз меҳмонларнинг муддаосини она ўткир зеҳни билан англаган эди.
Орамизда шундай саховатли инсонлар борлиги қандай бахт!
Собиржон ОТАБОЕВ,
Бувайда