Курашчи бўлишни жудаям истайдиган бир бола бор эди. Тақдирнинг синовини қарангки, у автоҳалокатда чап қўлидан айрилди. Ота-онаси кўнгли ўксимасин деб болани бир мураббийга топширди. Аммо бечора боланинг кайфияти жуда тушкун эди, умуман полвон бўла олмайман деган гап хаёлига ўрнашиб олганди. Устози, агар у етарли даражада шуғулланса, ҳатто чемпион ҳам бўлиши мумкинлигини айтди. Бола бу гапга у қадар ишонмади-ю, лекин юрагида умид учқунлади.
Устоз биринчи дарсда унга ўнг қўли билан рақибни тутиб, устидан ошириб ерга уришни ўргатди. Аммо иккинчи, учинчи ва ундан кейинги дарсларда ҳам фақат шу хилда шуғулланишди.
Бола бир хил ҳаракатни қайтара­веришдан зерикди. Бир куни устозига бу усулни яхши ўзлаштириб олганини, бошқа усулларни ўрганмоқчилигини айтди. Устози эса бунга рози бўлмади.
– Бу усулни энг зўр даражада бажарадиган полвон сен бўлишингни истайман, – деди у.
Бола бир ҳаракатни такрорлайвериб, ҳадисини олди, уни жуда тез бажаришни ўрганди. Бироқ бошқа усулларни ҳозирча билмасди.
Бир куни устози уни мусобақага ёздирди. Бола бу хабарни эшитиб, эсанкиради:
– Рақибларим биринчи уринишдаёқ мени ағдаришса керак, – деди.
Устози эса:
– Сен билганингни амалда қўлла, шунинг ўзи етарли, – деб таскин берди.
Бола илк олишувда рақибини қийинчиликсиз енгди. Кейинги рақибларни ҳам мағлуб этди. Ҳолбуки, биттагина усулни ишлатаётганди. Аммо негадир рақиблари унга қаршилик кўрсата олмасди. Финалдаги рақибининг гавдаси ундан икки баравар катта эди, шунга қарамай, уни ҳам йиқитди.
Боланинг қалби севинчу ҳайратга тўла эди. Шундай кучли полвонлар мендай битта қўли йўқ рақибга қандай қилиб осонгина мағлуб бўляпти деб ўйларди у. Устози бу ҳолга тушунтириш берди:
– Ўғлим, сен қўллаётган усул курашдаги энг зўр усуллардан бири. Унга қарши туришнинг битта йўли бор: рақибнинг чап қўлини тутиб олиш керак...
Ориф ТОЛИБ
тайёрлади.