“...Балким, сизлар ёқтирмаган нарса (аслида) ўзларингиз учун яхши, ёқтирган нарсангиз эса (аслида) сизлар учун ёмон бўлиб чиқар. Аллоҳ билур, сизлар эса билмайсизлар” (Бақара, 216). 
Уммонда сузиб бораётган кема ҳалокатга учради. Йўловчилардан фақат бир киши тирик қолди. У тинмай сузиб ҳолдан тойди. Ўзини қудратли тўлқинлар ихтиёрига топширди. Тўлқинлар эса уни инсон қадами етмаган оролга чиқариб ташлади.
Ҳушига келган йўловчи “Мени қутқар”, деб Аллоҳга илтижо қила бошлади. Неча кун, ёрдам келиб қолар, деган умид билан уфққа кўз тикди. Орадан анча вақт ўтиб кетса ҳам, бирор кема келмади. Шунда йўловчи шох-шаббалардан ўзига кулба қурди. У балиқ овлаб тирикчилик қилди. Кунлар шу тарзда ўта бошлади. Яна ҳар куни қутқаришини сўраб Аллоҳга дуо қилишда давом этди. 
Кунларнинг бирида йўловчи ов қилиб, ўлжа илинжида кулбасидан анча узоқлашди. Ортга қайтганида эса кулбаси ёнаётганини кўрди. Олов шунчалик кучли эдики, осмонни қуюқ ва қалин тутун қоплаб олганди. Бу йўловчи учун жуда оғир мусибат эди. Унинг жаҳли чиқди, ғазаб отига минди. Жаноби Ҳаққа маломат қила бошлади: “Эй Аллоҳ! Бу не кўргулик?! Мен сенга тинмай дуо қиляпман. Сен менга шундай балони раво кўрдинг?!”. Оқшомни ғазаб ва аламзадалик билан ўтказди. Эртасига тонгда сурон солаётган кема овозидан уйғониб кетди. 
“Мени бу ерда эканимни қаердан билдингиз?!” деб сўради йўловчи кемадагилардан. Жавоб уни ҳам ҳайратга солди, ҳам уялтирди. “Тутун орқали берган ишорангни кўрдик!”
 
Нигора МИРЗАЕВА
тайёрлади