Товуқ катагининг бурчагидан алоҳида пана қилиб тўсилган ним қоронғи жойда тухумларни босиб ётган курк товуқ деярли емас, ичмас... икки-уч кунда бир дунёни бузгудек овоз билан қақоғлаб ташқарига чопиб чиқар, ўн-ўн беш сония шу ҳолатда туриб, яна ичкарига учиб кириб кетарди. Шу алфозда иккинчи ҳафта ўтиб борарди.
Товуқнинг ҳолидан хабар олиб юрган йигит охирги марта кирганида кўрдики, тухумларнинг айримлари дарз кета бош­лаган. Демак, жўжаларнинг ёруғ дунёга келиш фурсати етган. Йигитнинг дилига шайтон ғулғула солдими, хаёлидан: “Товуқ курк бўлиб турган пайт­да яна ўн-ўн бешта жўжа очириб олсам-чи!” деган гап ўтди ва уйи­дан саватчада тухумлар олиб чиқди. Она товуқнинг ташқарига чиқиб кетишини пойлаб турди-да, ўша пайтда ичида митти жонлар бетоқат бўлаётган тухумларни йиғиштириб олиб, ўрнига ҳалиги тухумларни қўйиб чиқиб кетди. Она товуқ шитоб билан қақағлаб кирди ва тухумларни бағрига олиб ётди. Ҳозиргина иссиққина бўлган тухумлар нима учун муздеккина бўлиб қолганини сездими, йўқми...
Тухумларни астагина синдириб ичидан жўжаларни чиқариб олган йигит товуқхонадан доим хабардор эди. Тонглар отиб қуёш ботар, ҳафта, ўн кун... Озиб кетган она товуқ ҳар икки-уч кунда ташқарига қақағлаб чопиб чиқиб келарди. Муддати етди чоғи, иккинчи бора қўйилган тухумлар ҳам дарз кета бошлади ва йигит товуқ ташқарига чиқиб кетганда иссиқққина, ичидан жўжаларнинг майин “чий-чий"­лагани эшитилиб турган тухумларни шошилмай яна саватчага териб олди. Уларнинг ўрнига аввалдан тайёрлаб қўйилган совуқ тухумларни жойлаштирди, ташқарига чиқиб кетишга шошилмади, чунки энди она товуқнинг аввалги шахду шиддати йўқ эди – узуқ-юлуқ қақоғлаб кириб келди ва янгидан қўйилган тухумларни босиб ётди.
Кеча она товуқнинг бағридан ўғирлаб чиқилган тухумларни ёриб, уларнинг ичидан чиққан жўжаларни аввалгиларига қўшиб хурсанд юрган йигит эрталаб хабар олгани кирганда, бир сиқимгина бўлиб қолган товуқнинг боши осилиб ётарди. Йигит шалвираган қоқ суяк жониворни бир бурчакка кўмди. Ҳовли жимжит, назарида тинмай “чий-чий” қиладиган жўжалар ҳам она товуқ аҳволини ғойибдан сезиб сукут қилишаётгандек эди. Йигит бир-бир босиб улар қамалган катакка яқинлашаркан, кўзи ерда сочилиб ётган майин патчаларга тушди. Онасиз – ҳимоясиз қолган жўжаларни мушукми, итми еб кетганди...
 
Муҳтарама УЛУҒОВА