Бир киши йўлда кетаётиб, бир қудуқ ёнида турган аёлга дуч келди. Киши унга яқинлашди. Аёл қўрқиб кетди. 
Шунда эркак: “Қўрқма! Сендан бир нарсани сўрамоқчиман. Аёл макри нима?” деди. 
Аёл бир оз ўйланиб турди-да, кейин дод солиб йиғлай бошлади. Унинг овозини бутун қишлоқ эшитди. Эркак қўрқа-писа аёлдан нега бундай қилганини сўради. 
Аёл: “Овозимни қишлоқ аҳли эшитиб, бу ерга келишсин ва сени ўлдиришсин деб шундай қилдим”, деди. 
Эркак: Сендан макр ҳақида сўрадим, холос-ку! Ёмон ниятда бирор гап айтдимми?” деди. 
Шунда аёл ўрнидан турди-да, бир челак сувни ўз устидан қуйди. Эркак унинг бу ишидан ажабланди. Ундан нега бундай қилганини сўради. Аёл энди гапирмоқчи эди, қишлоқ аҳли келиб қолди. Эркак улардан қўрқиб, “Булар ҳозир мени ўлдиришса керак”, деб ўйлади. 
Аёл қишлоқ аҳлига: “Сув олмоқчи бўлиб қудуққа энгашган эдим, бехосдан унга тушиб кетдим. Бу одам мени қутқарди”, деди. 
Одамлар бояги кишига ташаккур айтиб, унга кўп совға-саломлар инъом этдилар. Эркак аёлдан нега шундай қилганини сўради. 
Аёл: “Аёл макри мана шунақа бўлади. Агар унга озор берсанг, сени ўлдиради. Агар у рози бўлса, сени бахтли қилади”, деб жавоб берди. 
 
Нозимжон ИМИНЖОНОВ, 
Тўрақўрғон туманидаги "Усмон Зуннурайн"
жоме масжиди имоми