Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадина бозорида бир отга харидор бўлдилар. От эгаси Соваъ ибн Ҳорис исмли аъробий эди. Савдолашиб бўлгач, Расули  Акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пулни олиб келиш учун кетдилар. 
Бу орада от сотилганини билмаган кишилар аъробийни атрофини ўраб олиб, савдолаша бош­лашди. Бир харидор аъробийга Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) савдолашгандан ортиқроқ пул таклиф этди. Шунда аъробий Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни чақириб: “Агар отни олмоқчи бўлсанг, пулни ҳозироқ бер. Бўлмаса уни сотиб юбораман”, деди. Бу сўзларни эшитган Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Ахир мен уни сендан сотиб олдим-ку?!” дедилар. 
Аъробий: “Йўқ, Аллоҳга қасам, мен уни сенга сотган эмас­ман”, деб туриб олди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Аммо уни сендан сотиб олдим?” дедилар. Шу тариқа ўрталарида мунозара бош­ланди. Одамлар келиб уларни ўраб олишди. Бир вақт аъробий: “У ҳолда сўзингга гувоҳ келтир?” деб қолди. 
Хузайма ибн Собит: “Отни сотганингга мана мен гувоҳман. Уни савдолашиб сотдинг”, деди. 
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Нимага асосланиб гувоҳлик беряпсан, эй Хузайма. Ахир сен биз билан бирга эмасдинг-ку?!” дедилар.
Шунда Хузайма ибн Собит барча мусулмонларга ибрат бўладиган жавобни берди. 
 
Айтингчи, Хузайма ибн Собит (розияллоҳу анҳу) Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га қандай жавоб берган эди?