Яқинда дўстим эҳсон дастурхони ёзиб, ёру биродарларини чорлади. Энди одамлар кела бошлаган эди. Бирдан ҳамма типирчилаб қолди. “Нозик меҳмонлар келишди-ёв”, деди кимдир. Ҳақиқатдан ҳам зум ўтмай башанг кийинган, серсавлат одамлар кириб келишди. Соҳиби эҳсон уларнинг қўлига сув қуйишни ўз зиммасига олмоқчи эди, ҳайтовур, ёш йигитлардан бири дарров ташаббусни қўлга олди.
– Қани, акалар, марҳамат!
Улар дастурхони “қуюқ” тузалган, ҳеч кимни йўлатилмай, “қўриқлаб” турилган уйга бошлаб кирилди. Хуллас, зиёфат маъқул бўлди чоғи, “нозик меҳмонлар”дан бири кетар чоғида соҳиби эҳсонга нимтабассум қилиб қўйди. Ана шуни кутаётган эканми, дўстимнинг чеҳраси очилди. Кейинроқ билсам, бу “ўта нозик” меҳмонлар шу атрофнинг энг бадавлат одамлари экан... Бу ҳолат мени ўйлантириб қўйди. Ахир эҳсондан мурод, ўтганлар руҳини шод этиш-ку. Бунда камхарж ва муҳтож инсонларга мурувват кўрсатиладики, унинг савоби ҳам шунда. Ўзига тўқ инсонларга эҳсон қилиш исрофнинг бир кўриниши эмасми?! Исроф ва дабдаба билан ким савоб топибди?! 
 
Қамариддин ҚАМБАРОВ