Ҳиндистонда жуда машҳур рассом бор эди. У жуда маҳоратли бўлиб, чизган суратлари ҳаммага бирдек ёқарди. Шогирдлари ҳам кўп эди. Улардан бири сабоқларини тугатиш арафасида охирги чизган суратини олиб келди. Устоз: “Яхши рассом бўлиб етишибсан. Энди чизганларингга халқ баҳо берсин”, деди. Кейин суратни шаҳарнинг энг гавжум майдонига қизил қалам билан бирга қўйиб, ким хоҳласа, ёқтирмаган жойларида белги қолдириши мумкинлигини ёзишни буюрди. Шогирд айтилганларни бажарди.
Бир неча кун ўтиб, асаридан хабар олгани борган шогирд қизил қалам билан белгиланаверганидан сурат кўринмай қолганига гувоҳ бўлди. Қаттиқ ранжиди. Суратни олиб келиб кўрсатганида, устози тушкунликка тушмай, ўз ишида давом этишини тавсия қилди.
Шогирд асарини қайтадан чизди. Устози уни яна гавжум майдонга юборди. Лекин бу сафар сурат ёнида турли мўйқаламлар, улар билан бирга, ким хоҳласа, суратнинг ўзи ёқтирмаган жойларини тўғрилаши мумкинлиги ҳақида ёзув қолдиришни тайинлади.
Шогирд бир неча кундан сўнг майдонга борди ва ҳайрон бўлиб қолди. Чунки асарига қўл теккизилмаган эди! Суратни кўтариб хурсанд ҳолда устозининг ёнига чопди. Устози эса ҳолатга бундай изоҳ берди:
– Биринчи сафар одамларга имкон берилганида, бу имкониятдан қанчалик шафқатсизлик билан фойдаланганларини кўрдинг. Чунки улардан талаб қилинган иш унчалик қийин эмасди. Шу сабабли уларда ҳеч сурат чизмаганлар ҳам келиб, ҳеч тортинмай ўз билганларича асарингни танқид қилишди. Кейинги гал эса улардан хатоларингни тузатишларини, ижодкор бўлишларини сўрадинг. Бироқ ҳеч ким бунга журъат қилолмади. Чунки ижодкор бўлиш учун билим керак. Бировнинг ишидан хато топиш, ўринли-ўринсиз маслаҳат бериш эса анча осон. Шундай экан, бу ҳаётда бирор касбнинг устаси бўлишнинг ўзи етарли эмас. Ақлли ҳам бўлиш зарур. Яъни, қилаётган ишингдан хабардор бўлмаган, унинг қадрини билмайдиганлардан меҳнатингга жавоб кутма ва улар билан тортишма. Мақсадингдан чалғимай, йўлингда давом этавер. Шундагина ҳақиқий уста бўласан.
 
Наргиза МИРЗАЛИЕВА
тайёрлади.