Ғарбий Америкадаги фермерникига келишган бир йигит иш сўраб келди. Фермер ундан қандай афзалликлари, ўзига хос сифатлари борлигини сўради. Йигит жавоб берди:
– Мен бўрон турганида ҳам бемалол ухлай оламан.
Кекса фермер ҳайрон бўлди: нима демоқчи бу билан? Лекин йигитни барибир ишга олди, чунки у нимаси биландир фермер бобога маъқул тушди.
Орадан кунлар ўтди. Бир тун қаттиқ ва шиддатли бўрон овозидан эр-хотин фермерлар уйғониб кетишди. Бир фалокат бўлмасайди деган хаёлда улар, ичкарию ташқарини кўздан кечира бошлашди. Дераза ва эшиклар зичлаб ёпилган, илгаклари солиб қўйилганди. Уй-рўзғор ва далада ишлатиладиган буюмлар омборга олиб кирилган, трактор гаражда турарди. Отхона эшиги яхшилаб ёпилган, қулфланган эди. Ичкаридаги ҳайвонларнинг товуши умуман эшитилмасди.
Фермер бобо ишчисининг хонасига мўралади: йигит мириқиб ухлаб ётарди. Шу фурсат унинг хаёлида ишчисининг гаплари жаранглагандай, ўша гапларнинг маъно-моҳияти англашилгандай бўлди:
«Мен бўрон турганда ҳам бемалол ухлай оламан».
Ҳақиқатан ҳам, бу ҳаракатчан йигит сокин кунлардаёқ ҳаракатга тушган, бўронга тайёргарлик кўриб қўйган эди. Ҳамма нарсани жой-жойига келтиргани сабаб бугун шиддатли, қасирғали бўрон бош кўтарганида у хотиржам эди.
Бундай талотўпли шамоллар барчамизнинг бошимизда бор. Имконимиз бўла туриб бажармаган ишларимиз бир куни қуёш ботганида манглайимизга ажинлар солади, юрагимизни ғижимлайди. Қуёши қайта чиқмайдиган бўлиб ботадиган кунимиз келгунча ҳамма нарсани миридан сиригача тўғрилаб, ҳозирлик кўра оламизми? Ўзимизни ўнглай, чоғлай биламизми? Буни уддаласак-ку, хўп-хўп, йўқса, бўрон кўтарилган кунда уйқусиз қоламиз. Аммо унда ғишт қолипдан кўчган бўлади...
Ориф ТОЛИБ 
тайёрлади.