Бир қишлоқда ака-укалар яшарди. Ака қишлоқда қолишни маъқул кўрар ва ўйларди: “Бундай замонда шаҳарга бориб, гуноҳга тўла ҳаёт кечиргандан, ўз жойимда чўпонлик қилай ва маъсиятлардан узоқ турай”. Эрта тонгдан шомгача подани ўтлатар, доимий зикр ва шукр билан ҳаёт кечирарди. Укаси эса шаҳарга бориб, кичик маҳаллада косибчилик қила бошлади. Кунларнинг бирида ака укасини кўриб келмоқчи бўлди ва қўй-эчкилар сутидан мешга солиб шаҳарга йўл олди. Сўрай-сўрай манзилни топди, укаси билан кўришди. Сутли мешни девордаги михга осиб, суҳбат бошлашди. Шу пайт устахонага бир аёл кирди, оёқ кийимини таъмирлаш мумкинми ёки йўқлигини сўради. Ука мижознинг пойабзалини кўрди ва тузатиш қийин эмаслигини айтди. Аёл чиқиб кетди. Бугунгача қўй-эчкидан, кенг яйловлардан бошқа нарсани кўрмаган аканинг хаёли қочди. Шунда кутилмаган ҳолат юз берди – юқорида осилиб турган мешдан сут томчилай бошлади. Буни кўрган ука айтди: 
– Одамлардан узоқда валий бўлиш осон, бироқ улар орасида юриб, гуноҳлардан сақланиш анча қийин.
Акаси унга жавобан бундай деди:
– Тўғри айтдинг, бундай манзаралар маънавий ўсишга тўсиқ бўлади. Шу сабабли ҳам сенда юксалиш эмас, аксинча, пасайиш бор.
– Нимага асосланиб бундай деяпсиз?
– Ахир, ёнингга келиб, бир онда пастга қуладим. Сен эса бундай одамлар билан ҳар куни юзма-юз келасан. Шу аҳволда юксалишинг мумкинми?
– Мен ҳам шуни айтяпман-да! Ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзингни, имонингни гуноҳлардан асрай олиш – энг муҳим вазифа. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, шу вақтгача буни уддалаб келяпман.
Чўпон яна эътироз билдирди:
– Мени бир онда тубан туширган аҳволга сен ҳар куни кўп бор дуч келасан-ку!
Шунда косиб кўрсаткич бармоғини лабига текказиб ҳўллади-да, “Бисмиллаҳ”, деб меш тешигига босди. Сут томчилашдан тўхтади. Бир муддат давом этган жимликни аканинг фарёди бузди. Укасини қучоқлаб, йиғлаганча эътироф этди: “Сен ҳақсан. Гуноҳлардан сақланиш учун одамлардан узоқда эмас, балки улар орасида яшаб, тақвода собит бўлиш муҳим экан”.
Наргиза МИРЗАЛИЕВА
тайёрлади.