Абу Наср деган овчи бўлиб, оиласи билан камбағалликда ҳаёт кечирарди. Бир куни кўчада аёли ва фарзанди очликдан қийналаётганини ўйлаб, ғам-андуҳга чўмиб кетаётганида ўша давр мусулмон олимларидан Аҳмад ибн Мискинга дуч келди. Унга фақирлигидан шикоят қилди. Шайх овчини денгиз томон етаклади. Манзилга етиб келгач, икки ракат намоз ўқишни, кейин “Бисмиллаҳ...”ни айтиб, денгизга тўр ташлашни буюрди. Абу Наср айтилганни қилди, тез фурсатда тўрга каттагина балиқ илинди. Шайх овчига балиқни бозорда сотишни ва пулига бола-чақаси учун егулик олишни тайинлади. Абу Наср балиқнинг пулига ичига гўшт ва ширинлик солинган иккита нон сотиб олди. Кейин шайхнинг ҳузурига борди ва ноннинг бирини берди. Бироқ Аҳмад ибн Мискин: “Агар биз нафсимизни бундай тўйдираверсак, тўрга балиқ илинмай қолади”, деб айтди. Чунки шайх бу каби амалларни фақат яхшилик учун қилар, эвазига ҳеч нима кутмас эди. У Абу Насрга нонларни аҳлингга олиб бор, деди. Уйига кетаётганида йўлда очликдан йиғлаб ўтирган она-болани кўрди. Бу кўзёшларга томошабин бўлиб туролмади ва қўлидаги нонларни уларга тутқазди. Ғариблар юзида табассум балқди. Абу Наср эса йўлида давом этаркан, бола-чақамга нима едираман, дея яна ғам чека бошлади. Шу ҳолатда экан, бир кишининг: “Ким менга овчи Абу Насрнинг уйини кўрсатади”, деяётганини эшитди. Одамлар унга Абу Насрни кўрсатишди. Бояги киши овчининг олдига келди ва: “Отанг йигирма йил олдин менга қарз берган эди, кейин ўзи оламдан ўтиб кетди. Унинг яқинларини қидириб юргандим, ниҳоят сени топдим. Мана, ўттиз минг дирҳам пул, отанг молини қабул қилиб ол”, деди.
Абу Наср айтади: «Мен бирпасда энг бой кишига айландим. Ўз уйим, тижоратимга эга бўлдим. Ўша, қўлимга пул тушган куниёқ минг дирҳамни Аллоҳга шукрона сифатида садақа қилдим. Кунлар ўта бошлади, мен жуда кўп эҳсон берардим.
Ўз-ўзимга ажабланадиган бўлиб қолдим. Бир кечаси туш кўрдим. Тушимда қиёмат қойим бўлиб, бандаларнинг яхшилик ва ёмонликлари ўлчанадиган тарози қўйилган экан. Бир фаришта: “Эй Абу Наср, бу ерга кел, сенинг дунёда қилган яхшилик ва ёмонликларинг ўлчанади”, деб чақирди. Тарозида ёмонликларим оғир келди. Шунда мен: “Садақа қилган молларим қани?” деб сўрадим. Ўша моллар қўйилганди, ҳар минг дирҳам остига нафс шаҳвати ва кибр билан қилинган садақалар, деб ёзилганди. Шундай қилиб улар худди пахтадан тўқилган мато каби енгил бўлиб қолди. Дод солиб йиғлаб юбордим. “Энди нима қиламан, қаердан нажот кутаман?” дедим. Шунда бир фаришта: Унинг яна бошқа бирор нарсаси борми, деб нидо қилаётганини эшитиб қолдим. Бошқа бир фаришта: “Ҳа, унинг икки дона нони бор”, деб қолди. Ҳалиги нонлар яхшилик­лар палламга қўйилган эди, у тош босиб, ёмонликлар томони билан тенглашди. Фаришта: “Яна бошқа нарсаси ҳам борми?” деди. Бошқа фаришта: “Ҳа, бор, кўзёшлар”, деб айтди. Ўша кўзёшлар мен иккита нонни садақа қилган пайтимда йиғлаган аёлники эди. Улар қўйилганди, худди оғир тош каби тарозининг яхшиликлар палласини босди. Хурсанд бўлиб кетдим. Эндиги сафар паллага кичкина боланинг табассуми қўйилди. Чунки мен ўша иккита нонни эҳсон қилганимда йиғлаган онанинг боласи қувониб кулганди. Шу тарзда тарозининг ҳасанот палласи босилаверди, босилаверди. Ҳалиги фаришта эса: “Абу Наср нажот топди, нажот топди!” деб нидо қиларди. Худди шу пайт “Агар биз нафсимизни бундай тўйдираверсак, тўрга балиқ илинмай қолади”, дея уйғониб кетдим...»
Қиссадан ҳисса шуки, яхшиликни кўпроқ қилайлик. Эзгуликларда холис бўлайлик. Аллоҳ таолодан солиҳ амалларга муваффақ қилишини ва чиройли хотима беришини сўрайлик.
 
Тошкент Ислом институти ўқитувчиси 
Фазлиддин СУВОНОВ 
тайёрлади.