Саврнинг “илик узилди” палласи. Қишга ғамланган озуқалар тугаб, бутун жонзот дармонсиз, пишиқчиликка кўз тутган.
Бир қурунчқа* ўтлар орасидан бир дона дон топиб олиб, иштиёқ билан ўзининг қавми сари суд­рай бошлади. Намгарчиликдан ивиб оғирлашган донни ўтлар орасида гоҳ кўриниб, гоҳо кўринмай анча масофага судраб келди. Очликдан қийналаётган қавмига олиб бориши керак эди. Қиёмгача жон-жаҳди билан донни тортқилаб, ниҳоят яланг, текисроқ жойга етди. Энди охирги марра – баландликка чиқариб олса, бас. У донни гоҳ тишлаб кўтарар, гоҳ судрар, гоҳ думалатар эди. Ниҳоят, тепаликка чиқишга оз қолди, нафасни ростлашга тўхтади... Ғофил қолди: дон пастга думалади. Қурунчқа уни тўхтаган жойидан яна юқорига судрай бошлади. Унинг оёқлари ҳолсизликдан қалтиради. На илож! Донни инига – қавмига етказиш керак! Умид, яхши ният уни йўлга бошлади. Донни думалатиб тепаликка чиқарди.
Шу пайт бир чумчуқ донни кўриб қолиб, қурунч­қанинг олдига келди.
Эй қурунчқа, у донни мен оғзимдан тушириб юборган эдим. Икки кундан бери очман. Менинг насибамни нега судрайсан? Қаерга олиб борасан?! Менга бер, очман! – деди.
Қурунчқа эса ширин тил билан:
– Эй махлуқларнинг омадлиси! Мен бу донни очликдан азоб чекаётган ўз қавмимга олиб кетаётирман. Улар неча ҳафтадан бери дарахт томирини шимиб кун кўряпти. Сенинг эса Худо берган бақувват оёқларинг, чаққон қанотларинг бор. Улар ёрдамида дон бор жойларга учгин. Мендек ожиз махлуққа зўрлик қилма! Бизни насибасиз қўйма. Ҳар иккимизнинг Аллоҳимиз – Холиқимиз кучлилар ожизларга раҳм қилишини амр этган. Ул Зотнинг амрига муте бўл! – деди ва донни яна уйи томон судрай бошлади. Чумчуқ тама ва таҳдидли кўзларини унга тикиб, учиб кетишга шошилмади. Шу лаҳзада бир мушук пайдо бўлиб, фикру хаёли бир донагина донда бўлган чумчуққа ташланди. Уни тутиб олди.
Қурунчқа эса донни думалата-думалата инига етказди. Қавми уни тамадди қилиб, тут пишиғига етиб олди.
 
Иброҳим ТЕШАБОЕВ,
Фарғона вилояти Қува тумани
 
* Қурунчқа – боши катта донхўр қора чумоли.