Мавлоно Румий ҳузурига бир гуруҳ файласуфлар келиб, савол сўрамоқчи эканликларини билдиришди. Мавлоно уларни Шамс Табризий олдига юборди. Табризий талабаларга таяммум қандай қилинишини кўрсатиб бераётган эдилар. Файласуфлар ниятларини айтишди. Ҳазрат: “Сўранг!” дедилар.
Бир вакил чиқиб барчалари номидан савол бера бошлади:
– Биринчи саволимиз шундай: Аллоҳ бор дейсизлар, аммо қани у? Кўрсатинглар, биз ҳам ишонайлик!
– Иккинчисини сўранг! – деди Шамс Таб­ризий.
– Шайтон оловдан яратилган дейсиз, яна унинг олов билан азобланиши ҳақида гапирасиз. Олов билан оловга азоб бериб бўладими?
– Кейинги сўровингиз қандай?
– Сизларнинг айтишингизга кўра, охиратда ҳамма қилган ишлари учун жавоб беради. Шундай экан, одамларни ўз ҳолига қўймайсизларми? Ҳамма хоҳлаган ишини қилсин!
Гапи тугагач, Шамс Табризий уч саволга жавоб берадиган бир иш қилдилар ва буни қозининг ҳузурида изоҳларканлар, вакилнинг учала саволига гўзал тарзда жавоб бердилар.
Азиз муштарий, Шамс Табризий нима қилдилар, уни қандай изоҳладилар?
 
Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи
тайёрлади.