Кексайиб умри поёнига етаётганини англаган донишманд устоз ўзидан сўнг шогирд­лари­­дан кимни улар­га мураббий қилиш­ни аниқлаш мақ­сади­да уларни тўплаб бундай савол берди:

“Дунёда олий ҳақиқат нима?

Дунёда олий ёлғон нима? 

Дунёдаги олий мақсад нима?”
 
Унинг шогирдлари орасида борлиққа тафаккур ва ибрат назари  билан қарайдиган, мулоҳазали, илмга ташна, ғайратли бир йигит бор эди.
У донишманд устози саволларининг иккитасига қандай жавоб беришни биларди. Учинчи саволнинг жавобини топиш мақсадида сафарга чиқди. Узоқ йўл босиб, пода ҳайдаб кетаётган чўпон болани учратди. У мусофир йўловчини отасининг олдига олиб борди. Чўпон боланинг отаси ақлли, илмли киши эди. Йигит унга сафардан мақсадини айтди.
Доно бобо мулойим кулиб: “Учинчи савол жавобини биламан. Олдин сиз топган жавобларингизни айтинг-чи”, деди.
Йигит бундай деди: “Энг олий ҳақиқат – ўлимдир, дунёга келган зот борки, бир куни кетади. Қачон ва қай ҳолда ўлиши эса ёлғиз Аллоҳгагина аён. Энг олий ёлғон эса дунёдир. Унда топилган мол-давлат, беҳисоб бойликларнинг бари алдоқчи. Ана шу ёлғонлар ҳақиқий уйимизни безашдан, ибодат сандиғимизни тўлдиришдан тўсади”.
Доно бобо бир муддат жимликдан кейин аста сўз бошлади: “Ўғлим, анави ўтовда келиним ва икки гўдаги бор. Уларни ўлдирсангиз, учинчи саволингизга жавоб айтаман”.
Йигит титраб кетиб: “Мен жаллод эмасман!” – деди.
Бобо эса бепарво сўзида давом этиб: “Мен шу шарт эвазига тўғри жавобни айтаман”, деди.
Йигит: “Бегуноҳ одамни ўлдирсам, охиратим куймайдими?! Дўзах оловида куйиб, жаннат неъматларидан бенасиб бўлмайманми? Устозим одамларга меҳрли бўлишни бизга ўргатган. Устозим йўриғидан асло чиқмайман”, деди.
– Балли, ўғлим, – деди бобо. – Сизни синаш учун шундай шарт қўйдим. Жавобни ўзингиз топдингиз. Дунёдаги энг олий мақсад Аллоҳнинг розилигига эришмоқдир. Бу йўлдаги одам асло ёмонлик қилмайди. Ким имонини асраб, савобли ишлар билан умр ўтказиб, эл саодати йўлида меҳнат қилса, Аллоҳнинг мағфиратига сазовор бўлади.
Йигит донишманд устози олдига қайтиб, саволлар жавобини айтгач, устози уни дуо қилибди ва шогирдларига унинг маслаҳати билан иш кўришлари, ундан таълим олишларини насиҳат қилибди. Йигит донишманд устози розилиги, дуоси билан кўп йиллар шогирдларига дарс бериб, элнинг олқишига сазовор бўлибди.
 
Манбалар асосида Ислом МУКАРРАМОВ тайёрлади.
Янгиқўрғон тумани