Қадим-қадим замонда Омон ва Замон исмли икки деҳқон яшаган экан. Улар доимо ёнма-ён ерларда деҳқончилик қилишаркан. Бир йили қадалган уруғлар эндигина ерни ёриб чиқа бошлаган паллада уларнинг даласи ёнидан иккисига устозлик қилган кекса деҳқон ўтиб қолибди. Ерга бир муддат разм солиб, шогирдларини ёнига чорлабди:
– Анчагина меҳнат қилибсизлар, кўриниб турибди. Бироқ бу ниҳолларнинг ҳосили мўл бўлиши даргумон. Маслаҳатим, ерни бошқатдан шудгор қилинглар, ўғит билан ишлов бериб, сўнг уруғни чуқурроқ қаданглар...
Кекса деҳқон кетганидан ке­йин Замон дарҳол ишга киришибди. Омон эса ўйланиб, даласига узоқ боқибди: “Шунча меҳнат ҳайф кетади-ку! Қайта экишнинг ўзи бўладими?!” Хуллас, Омон ерни қандай бўлса, шундайлигича қолдирибди.
Замон анча меҳнат қилибди, ерни шудгорлабди, турли ўғитларни солиб ишлов берибди. Кейин эса ерга уруғни устози ўргатганидек қилиб экибди. Замон ишларини якунлаши билан осмонни булут қоплаб, шиддатли ёмғир ёға бошлабди. Шамол ва ёмғир таъсирида Омоннинг даласидаги экинлар нобуд бўлибди...
Ёмғирдан тўйинган ердан униб чиққан ниҳоллар тез ўсибди, кўкка бўй чўзибди. Мўл ҳосил берибди, Замоннинг уйи дон-дун­га тўлибди.
Омон эса сув сергиб, ерга ишлов бериш имкони бўлишини анча кутибди. Алалоқибат, амал пайтини ўтказиб юборибди-ю, ҳосилдан умиди узилибди.
Қиссадан ҳисса: кимки устознинг ўгитига қулоқ солиб, ҳалол меҳнатдан қочмаса, кўзлаган мақсадига эришади. Аксинча, меҳнатдан бўйин товлаб, ўгитларга қулоқ тутмаган киши надоматда қолади.
 

Муборак ТЕШАБОЕВА