Қисса: Бир ғаройиб шаҳар-давлат бўларди. Ўша шаҳар-давлат аҳолиси ўзлари учун фақат бир йилга ҳукмдор тан­лашарди. Бир йил тўлганидан кейин уни умрининг қолганини яшаши учун узоқ оролга юборишар, ўрнига яна бошқа кишини кўтаришарди. Улар эски ҳукмдорни оролга юборишдан олдин унга яхши кийимларни кийдириб, уни катта бир филга ўтқазиб, унинг атрофида айланиб, хайрлашиб қолишарди. Бу лаҳза ҳукмдор учун энг қийин ва аламли бўларди. Улар ҳукмдорни умрининг қолганини ўтказиш учун кемага ўтқазиб, ўша оролга юборишарди.

Ҳолат шу зайлда давом этаверди. Халқ охирги ҳукмдорни ҳам оролга кузатиб қайтаётганида яқиндагина сувга ғарқ бўлган бир кемага дуч келишди. Улар у ерда бир парча тахтага осилиб жон сақлаб қолган бир ёш йигитни қутқариб олишди. Улар ўша йигитни ўз юртларига олиб келиб, ундан ўзларига бир йил ҳукмдорлик қилиб беришини сўрашди. У бошида бу таклифга унамади. Кейинчалик рози бўлди. Одамлар унга шаҳарни роппа-роса 12 ой бошқариши, сўнг у ҳам ўша охирги ҳукмдор юборилган оролга кетишини таъкидлашди. Орадан уч ой ўтгач, йигит шаҳар тахтини эгаллади. У вазирлардан ўтган ҳукмдорлар юборилган оролни бориб кўрмоқчилигини айтди. Вазирлар унинг истагига рози бўлиб, уни ўша оролга олиб боришди. Ёш ҳукмдор бориб қараса, у жой катта ўрмон билан ўралган, ҳар томондан йиртқич ҳайвонларнинг товушлари эшитилиб турадиган бир жой экан. Ҳукмдор шаҳарга қайтиб, юз нафар бақувват йигит­ни тўплаб, уларга оролни ҳар хил зарарли ҳашаротлар, ўсимликлар ва йиртқичлардан тоза­лашни буюрди. У ҳар ойда оролга ишнинг кетишини кўриш учун келарди. Иш секин-асталик билан олдинга силжий бошлади. Оз фурсатдан кейин орол топ-тоза ҳудудга айланди. У ўша жойда яшайдиган айрим ҳайвонларни қўлга ҳам ўргатди. Орадан уч ой ўтгач, оролга муҳташам қаср ва бандаргоҳ қуриш учун меъмор-ишчиларни юборди. Қурилишлар битгач, орол чиройли гўшага айланди. Ҳукмдор жуда зийрак бўлиб, оддий кийимлар кияр, шаҳарда ўзи учун кўп харажат қилмас, унга қилинган инъомларнинг кўпини шу оролни таъмирлаш учун сарфларди. Муддат ўтиб, ҳукмдор бўлганига ҳам бир йил тўлгач, унинг сафар қилиш вақти етди. Аҳоли, анъанага мувофиқ, унга ҳам қимматли кийимлар кийдиришиб, катта филга ўтқазиб хайр-хўш қилиб оролга кузатишди. Лекин бу ҳукмдор ўтган ҳукмдорлар каби ғам-андуҳга ботмасдан, хушчақчақликда одамлар билан хайрлашди. Ажабланган одамлар хурсандлиги боисини сўрашди. Ҳукмдор уларга донишмандларнинг ушбу ҳикматини сўзлаб берди:

“Эсингдами инсон, сен туғилган он?
Барча хандон эди, сен эдинг гирён.
Сен шундай яшаки, кетар чоғингда
Барча гирён қолсин, сен боргин хандон”.

Мендан олдин ўтган ҳукмдорлар имконлари борида нафс ва ҳою ҳавасга берилишган экан. Мен эса ҳукмдорлик давримда келажагим бўлган ўша оролни обод қилиш режасини туздим ва шунинг фикр-хаёлида бўлдим. Ҳозир бу орол ҳаётимнинг қолган қисми тинч, истиқоматда саломат ўтиши учун бир кичик жаннатга айланди.

Ҳисса: Азизлар, бу дунё охират экинзоридир. Вақтимизни дунё ҳавасларига берилиб ўтказмайлик. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) ҳаётлари сингари ҳаётимизни содда ўтказайлик. Охират учун сармоя йиғайлик. Биз ҳаргиз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг “Қиёмат куни бандадан тўрт нарса: умрини нималарга сарфлагани, ёшлигини қандай ўтказгани, молини қаердан топиб, уни қаерга сарфлагани ва олган илмига қандай амал қилгани ҳақида сўралмагунича қадамлари олға босмайди”, деган ҳадисларини унутмайлик. Яна Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сен бу дунёда худди ғариб ёки йўловчи сифатида яшагин”, деганлар. Шундай экан, охиратимизни ҳам,  дунёмизни ҳам обод қилайлик.

Ё Аллоҳ, хотимамизни чиройли қилгин ва бизга Фирдавс жаннатингдан жой бергин. Омин!

“Қисасун алламатнил ҳаят” (“Қиссалар менга яшашни ўргатди”) китобидан
“Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси
Фазлиддин СУВОНОВ
таржимаси.