Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) ўзлари учун қадрли бўлган қимматбаҳо совутларини йўқотиб қўйдилар. Бир муддат ўтгач, уни бир зиммий (ислом юртида яшовчи ўзга диндаги) киши Куфа бозорида сотаётганини кўриб, таниб қолдилар ва зиммийга: “Бу менинг совутим, мен уни фалон куни, фалон жойда туямдан тушириб қўйган эдим”, дедилар. Зиммий: “Эй мўминлар амири! Бу совут меники ва қўлимда турибди”, деди.

Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу): “Бу менинг совутим, мен уни ҳеч кимга сотмаганман, ҳадя ҳам қилмаганман. Қандай қилиб у сеники бўлсин?!” дедилар.

Зиммий: “Бизнинг масаламизни мусулмонлар қозиси ҳал қилсин”, деди.

Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) унга: “Аммо-лекин шу гапинг инсофдан бўлди, қани, унинг олдига кетдик”, дедилар. Сўнг улар Қози Шурайҳнинг олдига боришди.

Қози Шурайҳ ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу)га: “Эй мўминлар амири! Сиз нима дейсиз?” деди. Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу): “Мен мана бу совутимни бу кишининг қўлида кўрдим. Уни фалон куни, фалон жойда тушириб қўйган эдим, совутим бу одамга бирор савдо йўли билан ҳам, ҳадя йўли билан ҳам етиб келмаган”, дедилар. Шурайҳ зиммийга: “Сен нима дейсан?” деди. У: “Бу совут меники ва шунинг учун менинг қўлимда турибди, айни пайтда, мўминлар амири ёлғон гапир­япти, деб туҳмат ҳам қилмайман”, деди.

Шурайҳ ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу)га юзланиб: “Эй мўминлар амири! Сизнинг ростгўйлигингиздан, совут ҳам сизникилигидан менда ҳеч қандай шубҳа йўқ. Бироқ даъвоингиз тўғри эканини исботлаш учун менга иккита гувоҳ келтиришингиз керак”, деди. Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу): “Майли, қулим Қанбар ва ўғлим Ҳасанлар менга гувоҳ бўлишади”, дедилар. Шурайҳ: “Эй мўминлар амири! Фарзанднинг отасига берган гувоҳлиги қабул қилинмайди”, деди.

Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу): “Субҳоналлоҳ! Жаннат аҳлидан бўлган кишининг гувоҳлиги қабул қилинмайдими?! Сен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Ҳасан ва Ҳусайн жаннат аҳли йигитларининг саййидларидир”, деганларини билмайсанми?!” дедилар. Шурайҳ: “Биламан, мўминлар амири, биламан, лекин мен барибир фарзанднинг отасига берган гувоҳлигини қабул қилолмайман”, деди. Шунда ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) зиммийга юзланиб: “Сен совутни олавер, менинг улардан бошқа гувоҳим йўқ”, дедилар.

Шунда зиммий: “Мен бу совут сизники эканига гувоҳлик бераман, эй мўминлар амири!” деди. Яна гапида давом этиб: “Ё Аллоҳ! Мўминлар амири ўз қозиси ҳузурида мен билан даъволашиб ўтирса, қози эса менинг фойдамга, унинг зарарига ҳукм чиқарса-я! Гувоҳлик бераманки, уларни шунга буюраётган дин ҳақдир, яна гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан Ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Унинг пайғамбари ва қулидир!”. Билгин, эй қози! Бу мўминлар амирининг совутидир. Мен Сиффинга кетаётган қўшинга эргашдим, бу совут мўминлар амирининг кулранг туясидан тушиб қолди ва мен уни эгаллаб олдим”, деди.

Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу): “Сен мусулмон бўлдинг, совутни ҳам, у билан бирга туямни ҳам сенга ҳадя қилдим!” дедилар.

Бу воқеадан кўп вақт ўтмади. Ўша киши Наҳравон куни ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) байроқлари остида хорижийларга қарши жангда ҳалок бўлди.

“Сувар мин ҳаятит табиъин”
(“Тобеинлар  ҳаётидан лавҳалар”) асаридан Тошкент ислом институти 3-курс талабаси

Туйғун ИБРОҲИМ
таржимаси.