Ҳаммангизга маълумки, бутун дунёда яшовчи мусулмон аҳли намозни қиблага – муқаддас Каъба томонга юзланиб ўқийди.
Дастлаб Каъбани Иброҳим (алайҳиссалом) ўғли Исмоил (алайҳиссалом) билан биргаликда қайта қуришган.
Биз яшаётган даврга етиб келгунга қадар Каъба бир неча бор қайта тикланган. Навбатдаги қайта қуриш вақтида “жаннат тоши” аталмиш Хажарул асвад (қора тош)ни Каъба деворига ўрнатиб қўйишдек муҳим вазифани қайси қабила вакили бажариши масаласида қизиқ воқеа юз берган.
Бу воқеага қурилиш ишлари олиб борилаётган паллада Каъба атрофида уюлиб ётган майда тошлар гувоҳ бўлишган ва сўзлаб беришган. Эшитинг!

Туш палласи. Жазирама иссиқ. Кучли шамол эсиб, дуч келган нарсаларни учириб кетмоқда. Шамол қўпориб ташлаган дарахт танасининг ёнида анчагина майда тошлар уюлиб ётарди.

– Ёрдам беринглар! Мени ҳозир эзиб ташлашади! – жон-жаҳди билан бақирди кўк тошча. Унинг устига бошқа тошлар бирин-кетин тушиб турарди, – менимча бу ерга жуда кўп тошлар йиғилганга ўхшайди, нафас олиб бўлмаяпти, – деди у зорланиб, ёнида ётган тошчага, – сиз бу ерга яқинда келдингиз, шекилли?

– Ҳа. Мени шамол анави қоядан кўчириб олиб келди, – жавоб берди у. – Сиз ўзингиз қаердан бўласиз?

– Мен шаҳримизга кираверишда турган она қоятошнинг бир парчасиман. Бу ерга келиб қолганимга бир неча кун бўлди, – деди кўк тошча, сўнгра суҳбатдоши сарғимтир тошнинг маъюслигини сезиб қолиб, ташвишли оҳангда сўради:

– Сизга бирор нарса бўлдими, ғамгин кўринасиз?

– Эҳ, онам билан яшаганимда, биз доимо бирга ибодат қилар эдик.

– Нимани тилаб ибодат қилар эдингиз? – қизиқиб сўради кўк тошча.

– Менинг ягона тилагим, янчилиб тупроққа қоришиб кетсам-у, устимда гуллар ўсиб, кўкатлар униб чиқса.

– Худо хоҳласа, мақсадингизга етасиз, – деди кўк тошча, – мен эса одамлар яшайдиган уйнинг девори қурилишида ишлатилсам, деб орзу қиламан.

Шу йўсинда, ҳар бир тош ўзининг тилак-мақсадини ўйлаб жим қолишди. Ниҳоят, сариқ тошча сукунатни бузиб:

– Сўнгги пайтларда бу ерда нималардир содир бўляпти. Одамлар негадир ташвишли кўринишади.

– Мен ҳам ҳайронман, – жавоб берди кўк тошча. – Келганимдан бери одамлар ўзаро баҳслашиб, бир-бирига бақириб гапирадиган бўлиб қолишди. Уларнинг кайфияти чатоқ.

– Қизиқ, сабаби нима бўлиши мумкин? – сўради сариқ тошча. Шу маҳал ерда ётган дарахт:

– Узр, суҳбатларингизга ҳалақит берсам, – деди йўғон овозда. – Мен бу жойда кўпдан бери ётибман, шу боис ҳам рўй бераётган ҳодисаларни сизларга айтиб беришим мумкин.

– Ҳа, марҳамат. Дарҳақиқат, биз одамларнинг нега ғамгин ва ёмон кайфиятда юрганларини билмоқчимиз, – дея чуғурлашди тошчалар ҳаяжонланиб.

– Бу шаҳарнинг номи Макка, муқаддас Каъба шу масканда жойлашган. Одамлар уни жуда ардоқлайдилар, зиёрат қиладилар, севадилар, – давом этди дарахт, – йиллар давомида шамол ва ёмғир унинг деворларини емириб келди. Устига-устак яқинда юз берган ёнғин сабабли Каъба деворлари ёрилиб, бузила бошлади. Қисқаси, Каъба ёмон ҳолатга келиб қолди. Бундан ташвишланган Макка аҳолиси уни қайта тиклашга аҳд қилди. Қайси қабила, қайси деворни тиклаши тўғрисида келишиб олиб, ишни бошлаб юборишди.

– Бироқ бундай шароит одамларнинг бир-бирига жаҳл қилиб, жанжаллашишига сабаб бўлолмайди-ку!

– Бироз сабр қилсанглар, ҳаммасини билиб оласизлар, – жавоб қилди дарахт – ҳамма гап шундаки, жаннатдан тушган тош – Хажарул асвад Каъба деворига ўрнатиладиган пайт келгунича қурилиш ишлари осойишталикда бажарилмоқда эди.

– Мен бу тош ҳақида олдин қаердадир эшитган эдим, – деди сариқ тошча, – бир дўстимнинг айтишича, Хажарул асвад жаннатдан ерга туширилган, сўнгра пайғамбар Иброҳим (алайҳиссалом)га Каъбани қурганда бу жаннат тошини Каъба деворига ўрнатиб қўйиш топширилган.

– Тўппа-тўғри! – деди дарахт – ҳозир Макка аҳолиси ўртасидаги келишмовчилик ҳам айнан ана шу муборак тошни ўз жойига ўрнатиш шарафига ким муносиб эканлиги хусусидадир.

– Хўш, энди нима бўлади? – сўради кўк тошча ташвишланиб, – наҳотки шу можаро қабилалараро уруш бошланишига сабаб бўлса?!
Дарахт танаси бу саволга жавоб топа олмай узоққа тикилиб, жим қолди.

– Қаранглар, одамлар яна тўпланишяпти, – деди дарахт йўғон овоз билан.

Шу заҳоти уларнинг олдидан бир чавандоз от чоптириб ўтиб кетди. От туёқлари остида эзилиб кетишига сал қолган тошчалар ўзларини зўр-базўр четга олиб қолишга улгуришди. Туёқ зарбидан тепага сачраган тошчалар Каъба яқинига бориб тушишди. Кўк тошча тушган жойини кўриб, қанча хурсанд бўлди ва: – Қара, бу ердан теварак-атроф янада яхшироқ кўринар экан, – деди.

– Секин, одамлар яна йиғилишяпти, қулоқ солайлик-чи, улар нима ҳақида гапиришар экан, – саросимада сўз қотди сариқ тошча.

Тошчалар ётган жойларидан тўп­лан­ганларни кузатдилар.

Бир оздан сўнг одамлар ўзаро тортишиб, овозларини баралла кўтариб, бир-бирларини ҳақорат қила бошладилар.

– Хажарул асвадни жойига биз қўямиз! – дея таъкидлади бир киши.

– Йўқ, биз қўямиз! – дея ўшқирди бошқа қабила вакили унга жавобан. Шу тариқа шовқин-сурон кучая бошлади. Шу маҳал Макка оқсоқолларидан бўлган Абу Умайя исмли бир мўйсафид:

– Ҳой, қурайшликлар! Менинг бир таклифим бор. Ҳозир Каъба остонасидан хатлаб ўтган биринчи одам бу масалани ечишда бизга ёрдам беради. Ўша киши қандай қарор қилса, унинг айтганини сўзсиз бажарамиз!

– Ҳа, шундай бўлсин!

Бундай оқилона маслаҳат ҳаммага маъқул тушди. Одамлар ва тошлар сукут сақлаб, ким биринчи бўлиб Каъба дарвозасидан кирар экан, деб интиқиб кута бошлашди.

Кўп фурсат ўтмай узоқдан бир киши Каъба томон кела бошлади. Келаётган одам ҳамманинг ҳурматига сазовор бўлган Муҳаммад экан. Ўша кезда у энди ўттиз беш ёшларга кирган, ҳали пайғамбар эмас, лекин ҳамма уни ростгўй, садоқатли бўлгани учун “Ал-Амин”деб атар эди, бу ишонч қозонган одам деган маънони англатади.

– Ал-Амин келяпти, Ал-Амин! – олқишлаб қичқирди йиғилганлар.

Ҳурматли Муҳаммад амин дарвозадан кириб келиши билан халойиқ уни қувонч билан кутиб олди. Бу одам адолатли ҳукм чиқаришига ҳамма ишонарди. У ишонч қозонган одам бўлгани учун ҳам, бу ишни амалга ошириш унга насиб этаётганидан ҳамма мамнун эди.

Йиғилганлар Муҳаммадга муаммонинг сабабини тушунтириб, бундай дейишди:

– Биз сени ушбу шарафли ишга муносиб деб ҳисобладик. Қандай қарор чиқарсанг, ҳаммамиз сўзсиз бажаришга розимиз.

Иккала тошча бўлаётган воқеани диққат билан кузатишарди. Муҳаммад масаланинг моҳиятини англаб, енгил табассум қилди ва чопонини ерга тўшаб, ўртасига Хажарул асвадни қўйди.

– Энди, – деди Муҳаммад амин, – ҳар қабиланинг биттадан вакили чиқиб, уни бир четидан ушлаб кўтариб, қора тош ўрнатиладиган девор ёнига олиб боришсин, шундай қилсак, ҳамма қабила тошни баравар кўтариб борган ҳисобланади.

Одамлар бундай оқилона қарордан хурсанд бўлишди, қабилалараро тинчлик ўрнатилди. Жаннат тоши Каъба деворининг олдига келтирилганидан сўнг Муҳаммад амин тошни ўз жойига ўрнатиб қўйди.

– Муҳаммад (алайҳиссалом) – донишманд, одил ва олижаноб экан, – деди кўк тошча ҳайратланиб, – у ўз вақтида келиб, қабилалар ўртасида қўзғалаётган уруш-жанжалнинг олдини олди. Макка аҳолиси ўзаро тотув яшай бошлади. Одамлар ундан ҳали кўп нарсаларни ўрганишлари керак.

– Бу аниқ, Муҳаммад (алайҳиссалом) ҳақиқатдан ҳам олиймақом шахслигига шак-шубҳа йўқ! – деди сариқ тошча.

Маккаликлар ўзларига юклатилган вазифаларини тез орада бажариб, Каъбани қайта тикладилар.

Олиймақом Муҳаммад (алайҳиссалом) қабул қилган оқилона қарор натижасида Макка аҳли ўртасида бошланаётган жанжал қабилалараро урушга айланиб кетишининг олди олинди.

Нодир ЧУГАНОВ таржимаси