Айтишларича, ўтмишда Темир исмли бир қароқчи яшаган. Бутун умрини қароқчилик билан ўтказиб, ўткинчи карвонлар йўлини тўсар, мол-мулкларини талон-тарож қиларкан. Кунлардан бирида навбатдаги карвоннинг йўлини тўсибди. Карвон эгаси нуроний, кекса бир донишманд эди. Темир карвондаги молларни зўрлик билан эгаллай бошлаганини кўрган донишманд унга қараб дейди: “Эй, ҳолингга вой бўлсин! Ахир сени онанг қароқчилик қилиб кун кечиришинг ва жаҳаннамда ёнишинг учун дунёга келтирганмиди?”

Донишманднинг айтган сўзлари Темирга жуда қаттиқ таъсир қилиб, унинг оёқлари остига йиқилади: “Мени Аллоҳ кечирармикан? Мен бутун умримни қароқчилик қилиб, қанчадан-қанча инсонларга зулм қилиб ўтказдим!” дейди.

“Аллоҳ меҳрибон ва раҳмли Зот. Агар чин дилдан тавба қилсанг, У албатта гуноҳларингни кечиради. Мана бу дарахт кўчатини олиб бир четга эк ва қўлингдан келганича савобли ишлар қил. Кўчат кўкарган куни билгинки, Аллоҳ сени тавбангни қабул қилиб, гуноҳларингни кечирган бўлади”.
Темир бутун топган молу мулкини етимлар ва мискинларга эҳсон қилади. Шунингдек, ўзи қароқчилик қилган йўл юзига йўловчилар қўниб ўтадиган работ қурдиради. Ҳар куни эккан кўчатига қарар, лекин кўчат кўкармас эмиш.

Бир куни работида ўтирса, узоқдан шошилиб келаётган нотаниш отлиқ йўловчига кўзи тушибди. Темир йўловчига пешвоз чиқиб: “Биродар, келинг, бир муддат работда дам олинг, азиз меҳмоним бўлинг”, дейди.

– Йўлимни тўсма! Шошилиб турибман.

– Мен шу ердан ўтган ҳар кимсанинг ҳожатини чиқариб, дуосини оламан деб ният қилган эдим. Ҳеч бўлмаса, бир пиёла сув ичиб кетинг!

Темир ҳарчанд йўловчига ялиниб-ёлвормасин, мақсадига ета олмайди. Камига йўлини тўсгани учун отлиқ уни қамчиси билан уради. Шунда Темир бирдан аввалги ҳолига қайтиб, ғазаби қўзиб, отлиқни ерга тушириб олиб, роса дўппослайди. Ўласи ҳолга келган йўловчи тинмай: “Мени Аллоҳ жазолади!” деб такрорларди.

Темир бу сўзлардан таажжубланади. Айни пайтда, қилиб қўйган ишидан афсусланиб ўтирар экан, йўловчининг қўйнидаги мактубга кўзи тушади. Уни очиб унда ватанининг барча махфий сирлари ва чегарасининг заиф нуқталари ҳақида яширин маълумотлар ёзилганини кўради. Шунда бу ўлган одам аслида оддий йўловчи эмас, балки арзимас пул учун киндик қони тўкилган Ватанига хиёнат қилиш мақсадида кетаётган хоин эканини анг­лайди. Баногоҳ кўчатга қарайди, кўчат куртак уриб, кўкараётган эди...

Шу ўринда бир савол туғилади: билиб-билмасдан нотўғри йўлларга кириб қолаётган ёшларимиз, айниқса, ноқонуний йўллар билан чет элларга кетган ва ўзини ИШИД деб атаётган манфур жангари гуруҳларга қўшилиб олиб, ўз юртига қарши бўлмағур пўписалар қилаётган баъзи бир ватанфурушлар қиёмат куни Аллоҳ таолога нима деб жавоб беришади? Ахир, инсон дун­ёга ўз Ватанига хоинлик қилиш учун эмас, балки уни обод этиб, икки дунё саодатини қўлга киритиш учун келади-ку.

Унутмайлик, Аллоҳ таоло ватан хоинларини бу дунёда ҳам, охиратда ҳам қаттиқ азобга мубтало қилади. Барчамиз табаррук заминимизни кўз қорачиғидай асрайлик, унинг осмони мусаффо бўлиши, янада юксалиши учун қўлимиздан келганича ҳисса қўшайлик.

Аброр АЛИМОВ,
Тошкентдаги “Қатортол” масжиди имом-хатиби