Туробжон наридан-бери нонушта қилди-да, ишга чоғланди. Хотини дазмоллаб, илгичга илиб қўйган кўк кос­тюмини кийди. Ҳаворанг бў­йинбоғига кўзи тушди-ю, шашти пасайди. Бўйинбоғ боғлашни ҳалигача ўрганолмади-да! Ҳар сафар бўйинбоғни хотини боғлаб қўярди. Уни чақирмоқчи бўлиб ошхонага қаради. Бироқ уни чақиришга нимадир тўсқинлик қилди. Ишга бир кун бўйинбоғ тақмасдан борсам ҳеч нарса бўлмайди, деган ўй билан даҳлизга чиқди. Пойабзали доимгидек ялтираб турарди.

Эшик зулфинига қўл чўзган Туробжон хотинининг:

– Шошмай туринг.., – деган овозини эшитди.

У орқасига ўгирилиб, Солиҳанинг қўлида боя ўзи тақолмай илиб қўйган бўйинбоғни кўрди.

– Ҳм, менда ишинг бормиди?

Хотини саволига жавоб бермади. Жимгина келиб, бўйинбоғни тақа бошлади.

Туробжон унинг чаққон ҳаракатларини зимдан кузатиб, хотини туни билан йиғлаб чиққанини сезди.

– Шартмас, бўйинбоғсиз кетаман, – Туробжон ички ҳиссиётларини билдирмасликка ҳаракат қилди.

– Бугун хорижлик акциядорлар билан учрашасиз, ахир. Бў­йинбоғ тақмасангиз бўлмайди.

Туробжон катта йўлдан машинасини елдириб борар экан, яна Солиҳа ҳақида ўйлади. Кеча у озроқ пул сўраганди. Шуни деб жанжал кўтарилди. Пул берса бўларкан. Ахир йўқ эмасди-ку!

Туробжон ўй-хаёллар билан йўл чеккасида унга қўл кўтараётган синфдоши Бобурни кўрмай ўтиб кетишига сал қолди. Машинани четроқда тўхтатди, анчадан буён кўрмаган қадрдон дўсти билан қучоқлашиб кўришди. Унинг эгнидаги кийи­ми бир алфозда эди. Дўстини ҳеч бу аҳволда кўрмаганди. Шу боис сабабини сўради.

– Э, сўрама! Айтишгаям уяласан киши...

– Нима гап, дўстим? Тортинмай айтавер, неча йиллик дўстмиз, ахир.

– Э, дўстим. Бошим қотиб қолди. Ишим юришмаяпти. Маб­лағдан бироз қийналиб қолдим. Яқинда қайнсинглим турмушга чиқяпти. Қарз-қавола қилиб бир амаллаб тўёна бердим. Лекин хотиним тушмагур, синглисининг тўйига кўйлак, тилла занжир олиб берасиз, деб туриб олган. Аҳволимни тушунишга ҳаракат қилмайди...

Туробжоннинг дўстига раҳми келиб, ёрдам бергиси келди.

– Бундоқ қиламиз, дўстим. Ишхонамни биласан-а, эртага ўтгин, ёрдам бераман.

Дўсти раҳмат айтиб, хайрлашгач, Туробжон хаёлга толди: “Водариғ... Мана одамларнинг хотини қанақа? Кеча Солиҳани хафа қилмасам бўларкан. Озиб-ёзиб, бир марта пул сўраганди-я. Зиқналик қилиб, сенга қолса, пулни ҳавога учирсанг, дебман. Озгина эркалик қилиб, хархаша қилганига ҳақоратлаб­ман-а. Бечорагинам... Рўзғорни бут қилишни, онамни ҳаж сафарига жўнатишни, қимматбаҳо машинада юришни билибман-у, Солиҳага қарашни унутибман. Эрталабдан кечгача тиним билмайди. Онамнинг хизматини қилади. Фарзандларимни тарбиялайди. Мана кеча яхшигина ҳақорат эшитди, аразлашни ҳам билмайди. Ҳеч нарса бўлмагандек, индамай ишини қилиб кетаверади... Йўқ, бунақаси кетмайди. Бугун ишдан қайтгач, Солиҳадан албатта узр сўрайман...”

Солиҳа эшикни очиб, бир даста атиргул тутган эрини кўриб, севиниб кетди.

Туробжон уй ичига киргач, дид билан ясатилган дастурхон тўрида ўзига ярашган оппоқ рўмолда, оҳори тўкилмаган янги либосда ўтирган онасини кўриб, ҳайрон бўлди. Онаси уни табассум билан қарши олди:

– Келдингми, болам. Эрталабдан буён сени интиқ бўлиб кутаман. Келиним Солиҳа, ойижон, олинг, бу ўғлингиздан арзимас совға, дея бош-оёқ сарпо бергандан буён севинчим ичимга сиғмаяпти. Сендан мингдан-минг розиман. Илоё, мартабанг бундан-да улуғ бўлсин...

Ойиси узундан-узун дуо қилди. Туробжон аста хотинига қаради. Солиҳа ранги ўчиб кетган эски кўйлакда қўлларини дуога очиб турарди...

Зуҳра АҲМЕДОВА