Собиқ Иттифоқ даври. Каримбой ҳамшаҳари Қодиржон билан Россиянинг чекка бир ўлкасида ҳарбий хизматни ўтаётган йиллар...

Бир куни бу икки дўстни рота командири Василий Степанович ўз уйига олиб кетди. Саройдай кенг дала-ҳовлисида энг сўнгги русумда ўзгаришлар қилмоқчи эканини айтиб, бажарилажак ишларни тушунтирди. Василий Степанович ниҳоятда хушфеъл одам бўлса-да, хотини Лариса Андреевна ва бўй етган қизи Оксана анчагина калондимоғ экан. Саломлашиш у ёқда турсин, ошкора нописандлик билан қарашар, ҳатто баъзан ижирғаниб муомала қилишарди. На­чора, мусофирчилик, ўзга юрт, бегона одамлар. Аскарлик ҳаёти, чидашга мажбурлар.

Эртаси куни тушликдан ке­йин ишни давом эттириш учун икки дўст ҳовлига чиқишди. Чиқишди-ю, ҳайратдан донг қотиб қолишди. Улар ишлайдиган жойнинг шундоққина олдида, чимга тўшалган чойшабларда она-бола офтобга тобланиб бемалол ётишарди. Кўзларида қора кўзойнак. Келганларга парво ҳам қилишмади. Улар уялганидан бесасгина ичкарига кириб кетишди.

Эрталаб чой ичишаётганида хонадон соҳиби норозироқ қиё­фада кириб келди.

– Кеча тушликдан сўнг нега ишни тўхтатиб қўйдинглар? – сўради у, – чарчадингиз шекилли.

Каримбой Василий Степановичга вазиятни тушунтирмоқчи бўлди.

– Аёлингиз билан қизингиз офтобда тобланишаётган экан…

– Тобланишса нима бўпти? – қизишиб кетди хўжайин, – ишга бунинг нима алоқаси бор? Ишлаш керак, вақт кетяпти, вақт!
Каримбой минг бир андиша билан гап бошлади:

– Бизда бегона аёл-қизларга қараш уят ҳисобланади. Динимиз ҳам номаҳрамга қарашни ман этади. Шу сабабли ярим кун бекор қолишга мажбур бўлдик.

Буни эшитиб командир ҳайратдан донг қотиб қолди. Ке­йин шаҳд билан аёли ва қизининг хонасига кириб кетди.

Уй эгаларининг ичкаридаги суҳбати ярим соатдан кўпроқ давом этди. Суҳбат якунида беканинг баланд овозда «Вот это народ» деган хитоби эшитилди. Бироздан сўнг Лариса Андреевна қизи билан патнисда ширинликлар ва чой кўтариб чиқиб келди. Уларнинг юз-кўзларида аввалги кибрдан асар ҳам йўқ эди.

– Бизни кечиринглар, – деди хонадон соҳибаси.

Содиқжон ИНОЯТОВ,
Гурлан тумани “Вазир” ҚФЙ котиби,
Ўзбекистон Ёзувчилар
уюшмаси аъзоси