Одил шоҳ Анушервон ёлғиз ўтирган эди. Унинг олдига Юнон, Мубад, Бузургмеҳр, Хуршид кириб келишди. Анушервон уларга деди:

– Келинглар, ҳар биримиз биттадан ҳикматли гап айтамиз. Бу бошқаларга ибрат бўлсин! Сўнг Мубаддан сўради:

– Сен нима дейсан?

У бундай деди:

– Икки нарса борки, улар бир-биридан яхшидир. Масалан, ҳунар яхши, иш эса яхши сўздан афзал.

Анушервон Мубаддан бу ҳикматли сўзларни кенгроқ тушунтиришини сўради.

Мубад давом этди:

– Кимнинг ҳунари бўлмаса, у қуруқ девор билан тенг. Кимнинг сўзи чиройли бўлса-ю, иши ёмон бўлса, у фойдасиз шамол кабидир.

Анушервон Хуршидга қараб:

– Сен нима дейсан? – деди.

Хуршид:

– Дунёда икки нарса бор: биринчиси – хурсандчилик, иккинчиси – беозорлик! – деди.

Анушервон:

– Кенгроқ тушунтир, – деди.

Хуршид:

– Ҳар ким борига қаноат ва шукр қилиб хурсанд яшаса, ҳеч кимга эҳтиёжи тушмайди. Кимки ҳеч кимга озор бермаса, ҳеч кимни хафа қилмаса, ҳеч кимдан унга озор етмайди! – деди.

Анушервон Бузургмеҳрга қараб:

– Сен нима дейсан? – деди.

Бузургмеҳр:

– Эй Анушервон, одамлар қуйидаги нарсаларга амал қилмасалар, ҳеч қачон хурсанд­чилик кўрмайдилар. Масалан, борига қаноат қилмаса, ета олмайдиган нарсасига интилса, бировнинг қўлидаги нарсага тама кўзи билан қараса! – деб жавоб берди.

Анушервон ундан ҳам кенг­роқ тушунтиришни сўради. У деди:

– Кишики, нима топса, ўшанга қаноат қилса, топганига шукр қилса, умрини хурсанд ҳолда ўтказади. Тамагирлик ва очкўзлик эса ўз жонини қийнаш­дир. Чунки бундай инсоннинг ҳамиша кўнгли иллатли бўлади. Ким яхшилик йўлига юрса, ҳамма ёмонликдан омон бўлади, тинч ва осуда ҳаёт кечиради.

Анушервон Юнонга қаради.

Юнон бундай ҳикмат айтди:

– Етти нарса бор. Ким уларга амал қилса, дунёда яхши ном қозонади. Биринчи – дунёда донолар маслаҳати билан иш қилса, иккинчи – ўз ватанида бўлса, учинчи – одил бўлса, тўртинчи – сабрли бўлса, бешинчи – қайсар бўлмаса, олтинчи – фойдасидан бошқаларни ҳам баҳраманд қилса, еттинчи – камтар бўлса!

Анушервон Юнондан ҳам бу сўзларни кенгроқ тушунтиришни сўради. У деди:

– Маслаҳат марваридга ўхшайди, ишни ўз жойида муносиб ҳолда, маслаҳат билан қилмасанг, зиёни етади. Одиллик билан иш қилинса, бунга ҳеч ким қарши чиқмайди. Сабр ва чидам барча мушкулотларни енгиш калитидир. Қайсарлик эса энг ёмон иллат. Камтарлик барчанинг ҳавасини келтирадиган ёқимли одатдир.

Анушервон бу ҳикматлар­ни ёзиб қолдиришга фармон берди.

“Ахлоқ гулистони ва одоб бўстони” китобидан