Қанча эҳтиёткорлик қилмасин, чиғаноқнинг ичига қум зарраси кириб олди. Унинг энг ёмон кўргани шу эди, ичига бир кириб олдими, тамом, на ҳузури қоларди, на ҳаловати. Аммо бўлар иш бўлди, чиғаноқ ичидаги моддалар ҳаракатга келиб, қум донасини садаф қатлами билан ўрай бошлашди. Токи у нафис, порлоқ ва қимматбаҳо дурга айлангунга қадар...

Биз баъзан ҳаётда юзма-юз келадиган муаммолар ҳам шу қум заррасига ўхшайди. Роҳатимизни бузади, азият беради. Аммо, аксарият, улар сабаб мақсадимиз йўлида яна-да қатъиятли, атрофимиздагиларга ҳар кунгидан яқинроқ, қийинчиликлар қошида яна ҳам чидамли, ибодат ва дуоларда ҳар дамгидан ихлосли бўла борамиз. Яъни, кеча ҳузуримизни бузган қум доналари – муаммолар эртага кўнглимизга нур, қалбимизга сурур бергувчи инжуларга айланади...

Қиз ўн саккизга тўлганди. Фарзанди хасталикни енгишига, соғайиб кетишига аёл ишонарди. Аммо, қизи ўнгланмади. Йиллар давомида онаизор бемор билан бирга азоб чекди, туну кунлари оғриқлар ичра, кўзда ёш, тилу дилда дуо билан ўтди...

Боласининг оппоқ юзига термилди – ниҳоят азоблардан қутулгандек кулимсираб ётарди. "Сафаринг бехатар бўлсин..." – сокингина пичирлади марҳуманинг юзларини силаб.

Аёл кўзёш тўкди, аммо бақириб-чақирмади, ёқа йиртмади. Мусибати қанчалар оғир бўлмасин, ақлини йўқотмади. Зотан, бошидан кечган синовлар тайёрлаганди уни бу кунга. Онаизор мусибатнинг биринчи зарбасида кўрсатаётган сабрга имтиҳонларнинг берган сабоғи ҳам сабаб эди. Йўқса, бу – юкланса тоғларнинг қаддини букадиган, баланд елкаларини чўктирадиган ғам...

Аллоҳ таоло чиройли сабр қилганларга ажр-мукофотини бермай қўярмиди! Тўғри, онанинг қалбидан жудолик аламлари кетиб қолмади, кетмайди ҳам. Аммо бу мусибатдан кўп ўтмай аёл Қуръонни хатм қилди. Энг яхши йўлдошига айланди бу муборак Китоб. Ҳар ўқиганда янги маънолар топиб, қалби нурларга тўлар, савоби боламга ҳам боради, дея қалбига таскин инарди...

"Қоронғилик ичида қолиб ҳам, ёруғлик аро тургандек тутиш ҳақиқий ғалабадир". Инсон доим бир хил тинч ва осуда яшаш билан шахсият сифатида шаклланмайди. Унинг руҳига куч берадиган, ақл кўзларини очиб, ҳаётнинг қадрига етишга ўргатадиган имтиҳонлардир.

Тажрибанинг моҳияти фақат бир нарсанинг чидамлилигини синаш эмас, унинг қадр-қимматини орттириш. Худди бўронлар эман дарахтларини синабгина қолмай, уларни кучлантиргани каби.

Бизга қувват бериб, яшашга ундайдиган фақат қувончлар эмас, аксарият қийинчиликлар, синовлар бу вазифанинг уддасидан чиқади. Зотан, асл маъданлар энг кучли оташларда ўзлигини кашф этади, энг ёрқин чақмоқлар энг шиддатли бўронлардан юзага келади.

 

Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи