Нигора исмли қизиқувчан, хушчақчақ, шодон дугонам бор эди. Орзулар осмонида учиб юрарди. Ўшанда, эндигина 19 баҳорни қаршилаётган чоғида “Одноклассники” сайти рўйхатидан ўтди-ю...

Кунларнинг бирида Нигора завқланиб интернетга кираётганини, у ерда жуда кўпчилик билан дўст­лашаёт­ганини айтиб қолди. Бу менга маъқул келмади. Фикримни очиқ айтдим:

– Интернетда нима бор? Қўйсанг-чи шу нарсани! Кирма! У ерда беҳаё нарсалар кўп бўларкан. Кечагина телевизорда шу ҳақда кўрсатув бўлди. Айтишларича, у ердаги маълумотларнинг кўпи ёлғон. Кўп ҳолларда ёшларни алдашаркан!

– Ваҳима қилма, курсдош, синфдошлар билан гаплашиб туришнинг нимаси ёмон? – бепарвогина жавоб берди Нигора.

Иккаламиз ҳам коллеж талабаси эмасмизми, анча пайт гаплаша олмадик. Учрашганимизда ҳам бу мавзуда сўз очилмади. Шу тариқа орадан олти ой ўтди. Ёзги таътилга чиққанимиздан сўнг дугонам билан бафуржа гаплашишга вақт топ­дик. Шунда ундан интернет ҳақида сўрадим. Кўзлари ёниб гап бош­лади:

– Дугонажон, ўзинг бир кириб кўр, маза қиласан. Айниқса, “Одноклассники” зўр. Турли расмлар, дунёдаги воқеалардан хабардор бўласан. Янги одамлар билан танишасан. Реал ҳаётдан тубдан фарқ қилади. Хоҳлаган инсонинг билан бемалол, тортинмай гаплашиш мумкин!

Овозидаги завқ-шавқдан англадимки, дугонам астойдил интернет деган балога боғланиб бўлган, унга кирмаслик ҳақидаги гапимни эшитиб ҳам ўтирмайди.

Кунларнинг бирида сайт орқали 22 ёшли Хуршид исмли бир бола билан дўстлашганини айтиб қолди. Галдаги янги таниш­ларидан биридир-да, деб ўйлаб эътибор бермадим. Бироқ ҳеч қанча вақт ўтмасдан:

– Хуршид акам менга уйланмоқчи! – деганида ҳайратдан донг қотиб қолдим.

– Интернетда яқиндагина танишган дўстингми? Уни танимайсан-ку! Ўзи нима иш қилади? Ота-онаси ким! – саволларни қалаштириб ташладим.

– Бунча қарияларга ўхшаб ваҳима қиласан? Ҳозир тўйим бўлаётгани йўқ-ку! Шуларни билиш учун учрашмоқчимиз. Кўришайлик, деяпти, Тошкентга чақиряпти. Шунга бориб келмоқчиман.

Дугонам хотиржамлик билан айтган бу хабар мени ваҳимага солиб қўйди. Навбатдаги саволлар дўлини ёғдирдим:

– Қаёққа, қандай қилиб борасан?! Ота-онангга нима дейсан? Тошкент узоқ жой, қиз бола бошинг билан танимаган, билмаган одамнинг гапига учиб кетаверасанми?

– Яна ваҳима қиляпсан. Нега танимас эканман? Анчадан бери гаплашиб юрибмиз. Дунё­қарашимиз бир-биримизга мос. Хуллас, ҳаммасини пишитиб қўйганман.

Тошкентда холам туради, ўшаларникига бораман. Ойимга: “Зерикиб кетдим”, деб бир йиғлаб берувдим, рози бўлдилар. Эртага жўнаяпман.

Шундай қилиб дугонам кетди. Тошкентда бир ҳафта туриб қайтганида кўзларида порлаб турган аввалги завқ йўқ эди. Уни уйга чақирдим, нима гаплигини сўрадим.

– Тошкентга етиб бордим, – бироз жим тургач, гап бошлади Нигора. – Дарров Хуршид акам билан гаплашмоқчи бўлдим. Бироқ у интернетда эмас экан. Ҳатто телефон рақамини ҳам билмасдим. Сайтга киришини кутдим. Кечга яқин пайдо бўлди, тонг отгунча интернет орқали гаплашдик. Кечки соат 18:00 да хиёбонда кўришишга келишдик.

– Сизни қандай топаман, телефон рақамингизни беринг, – деб ёздим.

– Қора пальтода бўламан, расмингни кўрганман-ку, ўзим топиб оламан сени, – деган жавоб келди.

Айтилган соат яқинлашганида холамга шу ерда ўқийдиган дугоналарим билан кўришаман, дея баҳона тўқидим. Айтилган жойга етиб бориб, орзиққанча Хуршид акамни кута бошладим. Чамаси ярим соатлар ўтгач, ёши 40 лардан ошган бир киши ёнимга келди. Исмимни айтиб чақирди.

– Кимсиз, исмимни қаердан биласиз? – дедим жеркиб.

– Мен Хуршид акангизман, – деган жавобни эшитиб, устимдан қайноқ сув ағдарилгандек бўлди. Неча ойлардан бери ишониб, умид боғлаб юрганларимнинг ёлғон бўлиб чиқиши мени гангитиб қўйди. Ҳаётим остин-устун бўлиб кетгандек, бошимга осмон қулаётгандек эди. Қўрқиб кетганимдан нима қилаётганимни билмай қолдим.

Ресторанга таклиф қилди, индамай эргашдим. Қаергадир бордик. Тўс-тўполон, ола қоронғу. Ичи ёш-яланг билан лиқ тўла. У овқат, ичимликлар буюрди. Шундагина ўзимни бироз босиб олиб, Хуршид акага қарадим. У мен кўрган расмлардаги инсонга мутлақо ўхшамасди.

– Кетаман, – дедим ўзимни қўлга олиб.

– Майли, фақат бироз ўтиринг. Шунча пайт гаплашганимизнинг ҳурмати йўқми? – деди у. Шу орада ичимлик узатди. Чанқаб турганим учун бир кўтаришда ичиб юбордим. Ҳеч қанча вақт ўтмасдан ўзимни йўқота бошладим...

Уйғонганимда аллақачон тонг ёришиб кетганди. Қаерда, кимникида ётганимни ҳам билмасдим. Қўрқувдан дағ-дағ қалтирардим. Кўчага чиқиб уйга йўл олдим. Мени минг турли савол ва маломат билан кутиб олган холамга навбатдаги ёлғонни тўқидим:

– Дугоналарим қўярда-қўймай олиб қолишди. Телефоним ўчиқ, номерингизни ёддан билмайман...

Бир оз ўзимга келгач, дарҳол телефонимни қувват­лантириб, интернетга кирдим. Хуршид акадан бўлган воқеаларга изоҳ сўрамоқчи эдим. Бироқ ушбу профиль йўқ қилинган, деган ёзувдан бошқа маълумот ололмадим...

Нигорага нима деб таскин беришни билмасдим.

Орадан икки ойлар чамаси вақт ўтиб содир бўлган воқеа бутун қишлоқ аҳлини даҳшатга солди: ўн гулидан бири очилиб улгурмаган, орзулари осмон дугонам ўз жонига қасд қилди. Тиббий экспертизадан сўнг аниқланишича, дугонам ҳомиладор экан...

Нигоранинг бевақт ўлимига сабабчини, аниқроғи, қотилини ёлғиз мен биламан: “ОДНОКЛАССНИКИ!”

"Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя" китобидан.