Имоми Аъзамнинг шогирди Имом Абу Юсуфнинг асл исми Яъқуб бўлиб, отаси эрта вафот этгани сабаб онаси қарамоғида тарбия топаётган эди.

Кичкина Яъқуб илмга иштиёқи баланд, ҳунардан кўра илм­ни кўпроқ севар. Шу сабабли дўкондан чиқиб, Имоми Аъзамдан сабоқ олгани борарди.

Бу закий, лекин фақир талаба дарс мобайнида изтироблар оғушида ўтирарди. Волидаси бир куни Имоми Аъзам дарс ўтаётган жойга келиб, у зотга: “Бу бола ҳунар ўргансин, илм фақирларнинг иши эмас”, деди.

Имоми Аъзам:

– Ўғлингизнинг юксак закоси нурли истиқболидан дарак бермоқда, рухсат этинг, дарсларда қатнашаверсин, – деди.

Муштипар она изтироб ва хижолат ичида у ерни тарк этди.

Бир куни Яъқуб ҳаммомдан чиқаётганида ҳаммом ходими ундан пул сўради. У:

– Мен фақир бир талабаман, бошқалардан пул оляпсиз, биздан дуо олинг, – деди.

– Мен ҳаммомни дуо билан иситмайман! Пул бер! – дея бақирди ҳаммом ходими ва Яъқубнинг китобларини олиб қўйди. Бундан қаттиқ хафа бўлган Яъқуб уйига келиб йиғлади. Онаси ўғлининг бу ҳолини кўриб, яна ўз гапини такрорлади:

– Ўғлим, сенга неча  марта айтдим, ҳунар ўрган, деб. Менга озгина раҳминг келсин.

Бу сўзларни тинглагач, Яъқуб камбағаллиги сабаб илмдан воз кечиши кераклигига ишонч ҳосил қилди ва устози Имоми Аъзамга:

– Бу юртда илмнинг қадрига етадиган киши йўқ. Онам иккимиз муҳтожликда кун кечирмоқдамиз, – деди ва содир бўлган воқеани айтиб берди. Имоми Аъзам унга бир қимматбаҳо тошни бериб: “Бу олмосни темирчиларга олиб бориб, нархини сўраб бил”, – деди.

Шогирд олмосни айтилган одамларга кўрсатди, харидор чиқмади. Чиққанлари ҳам арзимаган пул таклиф этишди. Келиб устозига бўлган ишни айтди. Имоми Аъзам бу сафар олмосни заргарга олиб боришини тайинлади.

Яъқуб олмосни заргарларга кўрсатди. Заргарлар олмосни кўргач, кўзлари ёнди, телба бўлаёзди, барчаси талабгор бўлди.

Яъқуб келиб воқеани устозига сўзлади.

– Кўрдингми ўғлим, зар қад­рини заргар билади. Сен эса олмосни темирчига кўрсатганинг­дек, илмнинг қадрини ҳаммом ходимидан кутдинг. У илмнинг баҳосини қаердан билсин?! Шундай экан, бунинг учун илм­дан воз кечишинг тўғри эмас. Сен илмни оламни яшнатиш учун ўқи! Ҳеч қачон моддият ҳақида ғам чекма, чунки илм инсонни икки дунёда азизу мукаррам қилувчи ягона омилдир, – деди Имоми Аъзам.

Имом Абу Юсуф бу насиҳатдан ибрат олди. Бор кучини илм йўлида сарф этди ва катта муваффақиятларга эришди.

Манбалар асосида
Тошкент ислом институти талабаси

Дилноза ХОЛМИРЗАЕВА
тайёрлади.