Ёш бола эдим. Бир куни отам бозордан кўтаринки кайфиятда қайтди. Бозорда бир пайтлар мулла Маҳманазарнинг уйида кўрган “Қуръон” китобига ўхшаш китобни кўриб қолганмиш. Китобнинг эгаси – кекса одам, бошқа жойдан келганмиш.

– Ёнимда пулим бўлганида албатта олган бўлардим. Китобмисан китоб, жилоланиб, нур таратиб турибди. Эгаси нархини икки юз сўм деб турган экан, мен уни бир юз қирққа туширдим. Лекин пулим йўқлиги алам қилди-да. Бозорда таниш-билишларимнинг қанчасига ялиниб-ёлвордим. Пули бориям йўқ, дейди. Кейин китобфурушга қайси қишлоқда туришимни тушунтирдим. Чол: “Пулини тахт қилиб қўйсангиз, Китобни уйингизга етказаман”, деди. Унгача пул йиғишим керак.

Онам ҳайрон. Бу қадар қиммат китоб борлигини илк бор эшитиши эди.

– Сиз арабчани ўқиёлмасангиз, нима қиласиз уни? – деб сўради таажжубланиб.

Отам кулиб, онамни тушунгандек:

– Худо хоҳласа, дунё шундай турмайди. Ноумид шайтон. Агар мен ўқиёлмасам, бир кун келиб болаларимиз ўқийди.

Онамнинг дами ичига тушди. Шу билан баҳсга нуқта қўйилди. Отам ҳар тонг кетмонини кўтариб далага кетар, ярим тунда уйга қайтарди. Бир куни у онамга Китобни сотиб олиш учун қўшимча иш олганини айтди. Кейин билсак, ҳар куни кечаси вокзалга бориб, бир вагон ёғоч тушириб, иш ҳақига ўн беш сўм пул оларкан. Собиқ шўро тузуми даврида араб ёки эски ўзбек ёзувидаги китобларни уйида сақлаган, уни мутолаа қилган одамнинг хонумони куярди. Отам эса кўрган китобидан сира кўнглини узолмасди.

Бор-йўғи учинчи синф саводи бор бузрукворимиз қишлоқда “Достонхон” дея ном олган, бир-иккита халқ достонларини ёддан биларди. Достон айтаётганда овозини баралла қўйиб, юракдан нола қилган отамни гоҳ Алпомиш, гоҳ Гўрўғли, гоҳида шоҳ Машраб қиёфасида кўрганман.

Ниҳоят, отам Китобга пул тўплаб, онамга топшириб қўйди. Қишнинг изғиринли кунларидан бирида дарвозамиз тақиллади. Югуриб кўчага чиқсам, остонада ёши бир жойга бориб қолган, сўзлари ғалати кекса киши турарди. У менга қўлидаги қоғозчани кўрсатганда фаҳмладимки, бу ўша кўпдан бери отам кутиб юрган китобфуруш бобо эди. Уни уйга бошладим. Чол қатма-қат кийимлари ичига қўл солиб, қўйнидан авайлабгина бахмал матога ўралган Қуръонни чиқариб, ўз тилида бизга нималарнидир тушунтирди. Биз унинг "Қуръон" деганидан бўлак сўзини англамадик. Онам ўзига топширилган омонат пулни қўллари титрай-титрай санаб, китобфуруш бобонинг олдига қўйди. Оқсоқолни кўчага кузатиб қайтганимда, онам Қуръонни бағрига босиб юм-юм йиғларди.

Умри ўт билан тиллашиб ўтган онамнинг ҳолига ачиндим. Чиндан ҳам кунора тандир қиздириб, нон ёпишдан боши чиқмаган онам отамнинг раъйига қарши боришга ботинмади.

Отам Қуръонни ўқиёлмаса ҳам, кечқурун дастурхон устида уни бир бошдан меҳр билан варақлаб, қувончини ичига сиғдиролмас, ўзида йўқ хурсанд эди. Ҳанузгача ўзига келолмай ўтирган онам отамга кесатиб деди:

– Қўлингиздаги сиз орзу қилган ўша бебаҳо Китобни ўқинг, тўйиб олайлик.

Отам ҳушёр тортди. Онамга дашном бериб деди:

– Бу қорин ҳеч тўймайди. Уни бутлаш билан умрим ўтмоқда. Бир сафар китоб сотиб олган бўлсам, нима қилибди?!

Орадан йиллар ўтди. Биз учун сирли бўлган ўша Китобни ҳеч ким ўқиёлмасди. Бошимизда Истиқлол қуёши чарақлаб чиққач, барча соҳада бўлгани каби эътиқод эркинлигига кенг йўл очилди. Халқимизнинг асрлик орзуси – Ислом дини арконларини эмин-эркин бажариш имкони туғилди. Шунда отамнинг тутган йўли тўғрилигини билдик. Биз ўзлигимизга қайтдик. Юртимизда бир неча масжид ва мадрасалар фаолият бошлади. Қишлоғимизда ҳам “Эшони Афанди” жоме масжиди қад кўтарди. Отамнинг орзулари амалга ошди. Бугун акамнинг ўғли қишлоғимиздаги жоме масжидда имом-хатиб.

Ҳар сафар уйга борганда деворга осиб қўйилган Китобни қўлимга олиб, у ёқ-бу ёғини айлантириб томоша қиламан. Оппоқ қушлар каби чуғурлашиб, югураётган шодон болаларни кўрганда ўша дамларни эслайман. Яна мунис онамнинг хавотирию, тиниб-тинчимаган отамнинг улуғ Китобни харид қилиш илинжида ярим тунда мардикорлик қилгани хаёлимдан кечади...

 

Ахтамқул КАРИМ, Сариосиё тумани